Истиқболли лойиҳалар самараси
Президентимиз раҳнамолигида иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, рақобатбардошлигини ошириш, таркибий ўзгартишларни чуқурлаштириш ва тармоқларни диверсификациялаш борасида амалга оширилаётган ишлар Пискент туманида ҳам ўзининг юксак самараларини бермоқда.
Президентимиз раҳнамолигида иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, рақобатбардошлигини ошириш, таркибий ўзгартишларни чуқурлаштириш ва тармоқларни диверсификациялаш борасида амалга оширилаётган ишлар Пискент туманида ҳам ўзининг юксак самараларини бермоқда.Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 12 июлдаги “2013-2015 йилларда Тошкент вилояти саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Мазкур ҳужжат ижроси юзасидан ишлаб чиқилган манзилли дастурга мувофиқ, туманда ўтган йиллар давомида енгил саноат ва қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Азалея гармент” Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси, “Диёрбек Чарос”, “Муҳиддин Сиддиқ ўғли” хусусий фирмалари каби тўққизта корхона ишга туширилди. Натижада 700 нафарга яқин киши иш билан таъминланди. Уларнинг турмуш фаровонлиги йилдан-йилга юксалиб, эртанги кунга бўлган ишончи мустаҳкамланиб бораётир.
Энг замонавий дастгоҳлар билан таъминланган “Ҳамкор савдо” масъулияти чекланган жамиятида махсус иш кийимлари, қўлқоп ҳамда фартуклар тайёрланмоқда.
Айни пайтда бу ерда тайёрланаётган маҳсулотларнинг асосий қисми доимий мижозларга пешма-пеш етказиб берилмоқда. Бир қисми ички бозорда сотилаётир.
– Корхонамизда хомашё танлашдан тортиб тайёр маҳсулотни қадоқлашгача бўлган жараён қатъий назоратга олинган, – дейди “Ҳамкор савдо” раҳбари Бахтиёр Мираҳмедов. – Бу маҳсулотларимизнинг сифатли ва харидоргир бўлишини таъминлаётир. Президентимизнинг биз, тадбиркорларга яратиб бераётган кенг имкониятлардан самарали фойдаланиб, келгусида ишлаб чиқариш қувватини, ишчи-хизматчиларимиз сонини янада оширамиз.
175 минг АҚШ доллари эвазига ташкил этилган мазкур жамиятда ҳозирги кунда ўн беш нафар киши меҳнат қилмоқда. 2014 йилда тумандаги технология касб-ҳунар коллежини тамомлаган Юлдуз Файзуллаева улардан бири.
– “Ҳамкор савдо”да иш бошлаганимга олти ой бўлди, – дейди у. – Шу қисқа фурсат ичида турли ўлчамда махсус иш кийимлари бичиб, тикишни пухта ўрганиб олдим. Бунда коллежда олган билим ва кўникмам қўл келди.
Туман иқтисодиёт бўлимидан олинган маълумотларга кўра, Пискентда 2013-2015 йилларда умумий қиймати 2 миллион 742 минг АҚШ долларига тенг ўн иккита лойиҳа амалга оширилади.