Истиқболли лойиҳалар ғолиб бўлди
Наманганда ўтказилган “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” республика танловининг вилоят босқичида 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган 120 нафар ёш тадбиркор ўз бизнес режаси билан иштирок этди.
Наманганда ўтказилган “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” республика танловининг вилоят босқичида 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган 120 нафар ёш тадбиркор ўз бизнес режаси билан иштирок этди.Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, айниқса, ёш тадбиркорларнинг бизнес лойиҳаларини молиялаштириш, йигит-қизларни ишбилармонликка жалб қилиш, ёшлар учун янги иш ўринлари яратишга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
– Тижорат банклари томонидан 2015 йилда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 12 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли кредит ажратилиши кўзда тутилган, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши раиси Муҳаммадали Убайдуллаев. – Ўтган олти ойда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишида истиқболли лойиҳаларни тақдим этган битирувчиларга 5 миллиард 600 миллион сўмлик молиявий кўмак кўрсатилди. Бунда Президентимизнинг 2010 йил 28 июлдаги “Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони муҳим дастуриламал бўлаётир.
Танлов доирасида ташкил этилган уч кунлик семинарда банк, солиқ, молия муассасаларининг масъул ходимлари томонидан ёшларга тадбиркорлик фаолиятига оид қонунчилик, бизнес режа тузиш ва уни амалга оширишда банк кредитларидан фойдаланиш каби масалаларда тегишли тавсия ва тушунчалар берилди.
– Аёллар учун замонавий ва миллий либослар яратиш ҳамда коллеж ўқувчиларига мўлжалланган ўқув формасини тикишни йўлга қўйиш бўйича тақдим этган лойиҳам қўллаб-қувватланганидан беҳад хурсандман, – дейди Учқўрғон иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг ёш ўқитувчиси Асалхон Раҳмонова. – Банкнинг 9 миллион сўмлик имтиёзли кредити ёрдамида тикувчилик цехи ташкил қилиб, коллежимиз ўқувчилари учун янги иш ўринлари яратмоқчиман.
10 нафар истиқболли лойиҳа соҳиби танловнинг мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Мутахассислар томонидан тавсия қилинган ўттиз иштирокчига бизнес лойиҳаси учун имтиёзли кредит олиш имкониятини берувчи сертификатлар топширилди.