Истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда
Миллий матбуот марказида “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти томонидан 2016 йилда амалга оширилган инвестиция лойиҳалари ва паст кучланишли электр тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Миллий матбуот марказида “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти томонидан 2016 йилда амалга оширилган инвестиция лойиҳалари ва паст кучланишли электр тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.“Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Р.Райимов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида электр энергиясини ишлаб чиқариш тизимини ислоҳ қилиш жараёнида соҳага ташқи инвестицияларни кенг жалб қилиш ва энергетика тизимини босқичма-босқич ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий ва иқтисодий асос яратилганини таъкидлади.
Жамият томонидан энергия ишлаб чиқариш қувватлари ва электр тармоқларини реконструкция ҳамда модернизация қилиш бўйича истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинмоқда. Соҳа мутахассислари томонидан асосий эътибор ишлаб чиқариш кучларининг имкониятларини янада ошириш, кўп энергия сарфлайдиган, маънан ва жисмонан эскирган ускуналарни технологик жиҳатдан замонавий, энергия тежамкор электр ускуналарига алмаштиришга қаратилган.
Биринчи Президентимизнинг 2015 йил 4 мартдаги “2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таминлаш чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг қатор қарорларига мувофиқ 2021 йилга қадар 52 инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши кўзда тутилган.
2016 йилга мўлжалланган инвестиция дастурига асосан 5 йирик объект фойдаланишга топширилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 23 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Инвестиция дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ энергетика тизимидаги объектларни модернизация қилиш ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ишлари давом эттирилмоқда.
Мазкур инвестиция дастурига мувофиқ 2017 йилда 29 йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши мўлжалланган бўлиб, шу вақтгача 2 лойиҳа бўйича ишлар тўлиқ якунланди. Жумладан, Қандим газни қайта ишлаш заводини ташқи электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 90 километр масофадаги 220 кВли ҳаво линияси қурилади. “Электр энергия истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлашган тизими жорий қилиниб, Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида 0,4 кВ истеъмолчиларни ҳисобга олиш тизими” дастури бўйича 1 миллондан ортиқ ҳисоблаш нуқтаси ишга туширилиш арафасида.
Мамлакатимизда электр тармоқларининг фаолияти даражаси ва сифатини янада ошириш, минтақалар ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун қулай шароитлар яратиш мақсадида паст кучланишли электр тармоқларининг жорий ҳолати таҳлил қилиниб, 2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш ҳисобига шаҳар ва қишлоқлар аҳолисининг электр энергиясидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар дастури қабул қилинган.
– Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 23 ноябрдаги “2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида”ги қарорига асосан 34 минг километрдан ортиқ 0,4-6-10 кВ электр тармоқлари ҳамда 6 минг 930 дан ортиқ трансформатор пунктларини модернизация ва реконструкция қилиш режалаштирилган, – дейди “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти «Паст кучланишли электр тармоқларини модернизация қилиш» лойиҳасини бошқариш гуруҳи раҳбари Феруз Қурбонов. – Бунинг учун қарийб 836 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Шунингдек, мамлакатимиздаги 2 минг 272 та маҳаллада 2 миллион 479 минг истеъмолчининг электр энергия таъминоти янада яхшиланади, технологик йўқотишларни 669,61 миллон кВт соатга, йиллик эксплуатация харажатларини 2015 йилга нисбатан 15,3 фоизга қисқартиришга эришилади.
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб қайтарди.