Истиқболли лойиҳалар
Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида қишлоқ хўжалигида меҳнат самарадорлигини янада ошириш, соҳага хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва фаровонлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида қишлоқ хўжалигида меҳнат самарадорлигини янада ошириш, соҳага хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва фаровонлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.Мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим аҳамият касб этадиган лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимига халқаро молия ва иқтисодиёт институтларининг маблағлари кенг жалб этилмоқда. Кейинги йилларда хорижий инвестициялар ҳисобидан бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширилди. Натижада минглаб гектар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланди, сув таъминоти кафолатланди.
Қорақалпоғистон Республикасининг жанубий туманларидаги суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва тупроқ унумдорлигини ошириш борасида салмоқли ишлар қилинмоқда.
Элликқалъа, Беруний ва Тўрткўл туманлари ҳудудидаги суғориладиган ерларда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш ва кафолатли ўзиоқар сув билан таъминлаш мақсадида “Жанубий Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳаси бўйича иш бошлаб юборилди.
2014-2020 йилларга мўлжалланган мазкур лойиҳада белгиланган тадбирлар якунига етгач, сув хўжалиги тизимида харажатлар сезиларли даражада камаяди. Аҳоли яшаётган ҳудудлар ҳамда 100 минг гектар суғориладиган майдонни сув билан таъминлаш, хўжаликларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, даромадларини ошириш имкони яратилади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 376 миллион 700 минг АҚШ долларини ташкил этади.
– Мазкур лойиҳага кўра, учта туман ҳудудидаги сув йўлларида реконструкция, мукаммал таъмирлаш ва қайта тиклаш ишлари олиб борилади,–дейди лойиҳанинг техник директори ўринбосари Ўктам Розумов. – Хусусан, “Бўстон” каналининг 35 километр қисми мукаммал реконструкция қилиниб, сув ўтказгич қуввати ҳар сонияда 105 кубометрга етказилади. “Магистрал ўнг қирғоқ” каналининг 31 километр, “Пахтаарна” каналининг 27,5 километр қисмида ҳам мукаммал реконструкция ишлари амалга оширилади. Туманлардаги жами 375 километр узунликдаги хўжаликлараро каналлар реконструкция қилинади. “Туямўйин” сув омборининг хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳам шулар жумласидан.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, ҳудудда айни пайтда фойдаланилаётган сув насосларига ҳожат қолмайди. Шунинг ҳисобига Амударёдан сув чиқарадиган давлат насос станцияларига йилига сарфланаётган 5 миллиард 780 миллион сўм, сувдан фойдаланувчилар уюшмалари ҳамда фермер хўжаликларининг насосларига сарфланаётган 8 миллиард сўм маблағ, шунингдек, 21 миллион киловатт-соат электр энергияси ҳамда кўплаб дизель ёнилғиси тежалади.
Лойиҳа доирасида жанубий туманларнинг қишлоқ хўжалик корхоналари ва фермер хўжаликларига техник хизмат кўрсатиш мақсадида “Агротехпахта МТП” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилиб, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалик техникалари билан таъминлаш кўзда тутилган.
– Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган етмишта янги пахта териш машинаси фермер хўжаликларига тарқатилди, – дейди “Агротехпахта МТП” масъулияти чекланган жамияти Элликқалъа тумани бўлими раҳбари Муродбек Худойберганов. – Деҳқоннинг қаноти бўлган бу техникалардан ҳосил йиғим-терим ишларида унумли фойдаланилмоқда.