“Истиқбол” – шоликорлар муваффақияти
Илмий манбаларда келтирилишича, гуруч таркибидаги оқсил, фосфорли бирикмалар ва витаминлар саломатлик учун фойдали. Халқимизнинг кунлик истеъмолида ҳам бу маҳсулот муҳим ўрин тутади.
Бу йил бозорларимизда гуруч ҳар йилгидан ҳам мўл. Бунда Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 19 апрелдаги “2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлаётир.Унга кўра ҳудудлар тупроқ-иқлим шароити, бозорда бу маҳсулотга бўлган талаб обдон ўрганилиб, шолининг серҳосил, истиқболли навларини парваришлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили мамлакатимизда 425 минг тоннадан ортиқ шоли ҳосили етиштирилди. Айни вақтда белгиланган майдонларда янги шолизорлар барпо этиш ишлари бошлаб юборилди.
Илмий манбаларда келтирилишича, гуруч таркибидаги оқсил, фосфорли бирикмалар ва витаминлар саломатлик учун фойдали. Халқимизнинг кунлик истеъмолида ҳам бу маҳсулот муҳим ўрин тутади.
Шоли нафақат озиқ-овқат саноатида, балки ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, шўрланишни камайтириш ва бегона ўтларни йўқотишда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Зеро, шолипояларнинг маълум вақт кўллатилиши тупроқнинг шўри ювилиб, бошқа қишлоқ хўжалиги экинларининг дуркун ўсишига замин яратади. Шоли учун бошқа экинлардан чиққан оқова сувлар бемалол ишлатилиши обиҳаётни иқтисод қилиш ва экологик тозаликни таъминлашда қўл келади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, маҳаллий иқлим шароитига мос истиқболли навларни танлаб экиш, агротехника қоидаларига риоя қилиш, экиш муддатлари ва меъёрларини тўғри белгилаш, тавсия этилган минерал ўғит ва сувни меъёрида бериш юқори ҳосилдорликка эришишда муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Тошкент шоли, дон ва дуккакли экинлар илмий-тажриба станцияси фермерларга яқин кўмакдош бўлаётир.
– Олимларимиз шўрга, қурғоқчиликка, иссиққа чидамли, юқори ҳосилли, тезпишар шоли навларини яратиш борасида изланишлар олиб бормоқда, – дейди станция директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Маъсуджон Сатторов. – Сўнгги йилларда ана шундай сифатларни ўзида жамлаган “Оқ қилтиқ”, “Буғдой бошоқ”, “Мустақиллик”, “Марварид”, “Искандар” каби ўндан зиёд янги нав яратилиб, давлат реестрига киритилди. Улар орасида “Авангард”, “Искандар”, “Лазурний” каби навлар энг паловбоп ҳисобланади.
“Оқ қилтиқ” эртапишар нав бўлиб, уни асосий ва такрорий экин сифатида экиш ва сифатли ҳосил олиш мумкин. “Истиқлол” ва “Истиқбол” каби ўртапишар навлар ҳосилдорлиги гектаридан ўртача 70-80 центнерни ташкил этади. Унувчанлиги анча юқорилиги боис бошқа навларга нисбатан уруғ сарфи анча кам. “Мустақиллик” ва “Искандар” навларининг ҳосилдорлиги 90-100 центнер, ноқулай иқлим шароитига чидамли, “Искандар” узун донли, “Мустақиллик” қисқа донли гуруч турига киради. “Искандар” Хоразм ва Сирдарё вилоятларида кўпроқ экилса, “Мустақиллик” нави Тошкент вилояти ва Фарғона водийсига мослашган бўлиб, фермерлар орасида бу навларга талаб юқори.
Янги навларни яратиш билан бир қаторда уруғдан тежамли фойдаланиш борасида ҳам изланишлар олиб борилаётир. Ана шундай тадқиқотлар жараёнида шолини кўчатидан кўпайтириш усули яратилди. Бунинг учун махсус кўчатхоналар зарур бўлади. Кўчатхона учун ажратиладиган майдонлар керак пайтда сувни ташлаш ва сув сатҳини меъёрида ушлаб туриш учун бошқа майдонларга нисбатан баландроқ, тупроғи унумдор бўлиши лозим.
Бу усулда ўғитлар билан бойитилган ва сувли тупроққа кўчатлар 5-7 сантиметр қалинликда экилади. Уруғ сарфи бир неча баробарга камаяди. Сув 40 фоиз, ўғит 25-30 фоиз тежалиб, ҳосилдорлик 30 фоизга ошади. Эртапишар навлар 25-30, ўртапишар ва кечпишар навларнинг кўчатлари 30-35 кунда асосий майдонга ўтқазиш учун тайёр бўлади.
Тошкент шоли, дон ва дуккакли экинлар илмий-тажриба станциясининг лабораториясида ҳар йили шолининг давлат реестрига киритилган 2000 оиласи экилиб, бирламчи уруғчилик кўчатзорида навлар ва оилалар бўйича уруғликлар кўпайтирилади. Яратилган ҳар бир янги навнинг минерал ўғитларга талаби, касаллик, зараркунандалар ва бегона ўтларга қарши кураша олиши, биологик хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда кимёвий кураш усуллари ўрганилиб, ишлаб чиқаришга тавсия қилинади. Айни вақтда “Шолининг ташқи муҳитнинг ноқулай шароитларига чидамли, юқори сифатли гуруч берадиган серҳосил навларини яратиш”, “Янги районлаштирилган шоли навларининг уруғлик сифати ва ҳосилдорлигини бирламчи уруғчилик ва уруғшунослик йўли билан яхшилаш” сингари инновацион лойиҳалар амалиётга жорий этилмоқда.
Бу ишларни такомиллаштириш учун станцияда хорижий илмий марказлар билан алоқалар ўрнатилган. Филиппиндаги халқаро шоличилик институтидан олинган шолининг 700 дан ортиқ нав намуналари иқлим шароитимизда синалиб, чатиштириш ишлари давом эттирилмоқда. Хитой Халқ Республикаси билан қўшма лаборатория ташкил этилган.
Бир сўз билан айтганда, шолининг янги, истиқболли навларини яратиш, унинг илғор агротехнологияларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш, янги навларнинг сифати ва нав хусусиятларини сақлаган ҳолда шоличилик хўжаликларига элита уруғликлари етказиб бериш қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ишларнинг кичик кўриниши, холос.