Истеъмолчилар ҳуқуқлари қонун ҳимоясида
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши, қонун тарғиботи, аҳолининг истеъмолчилик билими ва саводхонлигини оширишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш чоралари кўриб келинмоқда.
2020 йил 1 январдан жорий йилнинг июль ойи ҳолатига кўра, айни йўналишларда ҳудудий бошқармага 7 минг 210 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларни соҳалар кесимида таҳлил қилсак, уларнинг асосий қисми уй-жой, коммунал ва транспорт, савдо ва умумий овқатланиш, алоқа ва молиявий-ижтимоий хизматлар ва реклама фаолиятини тартибга солиш ҳиссасига тўғри келади.
Бошқарма томонидан истеъмолчилардан тушаётган оғзаки, ёзма ва электрон шаклдаги мурожаатлар белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилишига эришилмоқда. 7 минг 210 та мурожаатдан 2 минг 645 таси коммунал соҳадаги муаммолар, 1 минг 868 таси савдо ва умумий овқатланиш, 1 минг 710 таси транспорт ва алоқа хизматлари, Реклама соҳасида 789 та ҳамда 108 та бошқа соҳаларга тўғри келади. Истеъмолчилардан тушган ариза ва шикоятларни ўрганиш давомида ва бошқарма таҳлиллари натижасида истеъмолчилар фойдасига ўтган вақт ичида жами 7 миллиард 392 миллион 509 минг 744 сўм сўм миқдорда қайта ҳисоб-китоб қилинди.
"Nexia 3 av-gx16/at" автомобили нима сабабдан янгисига алмаштириб берилди? Маълумки, кундалик ҳаётимизда ҳар кимга автомобиль зарурлигини биламиз, аммо харид қилинган автомобиль носоз бўлса, бу ҳар кимнинг ҳам кайфиятига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Шундай ҳолат юзасидан 2020 йил 25 август куни фуқаро Т.Мўминов Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига истеъмолчи сифатида ҳуқуқлари поймол бўлаётганлиги сабабли мурожаат қилади. Мазкур мурожаат юзасидан агентликнинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан “PSM-AVTOSAVDO” МЧЖга истеъмолчи билан тузилган шартнома шартлари бузилаётганлиги бўйича сўров хати юборилди ва "NEXIA 3 AV-GX16/AT" автомобилдаги нуқсон, яъни автомобилнинг кузов қисмида бўёқлари сифатсиз бўлганлиги ҳамда кўчиб кетаётганлиги аниқланди, аммо фуқаро Т.Мўминовга автомобиль алмаштириб берилмаган. Шундан сўнг ҳудудий бошқарма кўмаги билан "NEXIA 3 AV-GX16/AT" автомобили “PSM-AVTOSAVDO” МЧЖ автосалони томонидан худди шу русумдаги янги автомобилга алмаштирилишига эришилди.
Шу каби мурожаатлар агентлик томонидан ўрганилмоқда ва ижобий ҳал қилинмоқда.
Саидамин Содиқов,
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармаси бошлиғи.