1983 йилдан буён бутун дунёда Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни кенг нишонланади.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан 2020 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан брифинг ва давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда «Ўзстандарт» агентлиги, Тошкент шаҳар Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Тошкент шаҳар Санитария- эпидемиологик осойишталик маркази, Тошкент шаҳар «Давлат экологик экспертиза маркази» ДУК ва истеъмолчилар вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғи Саидамин Содиқов 2020 йилда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан сўз юритди.
[gallery-1569]
– Агентликка республика миқёсида 2020 йил давомида жами 5060 та мурожаат келиб тушган бўлиб, улардан 1821 таси коммунал соҳадаги муаммолар, 1235 таси савдо ва умумий овқатланиш, 1215 таси транспорт ва алоқа хизматларига тегишли. Реклама соҳасида 591 та ҳамда 108 таси бошқа соҳаларга тўғри келади. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида (жами 5 490 567 978 сўм ) қайта ҳисоб - китоб қилинган ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқлари қайта тикланиши таъминланган.
Давра суҳбатида аҳолини савдо ва қонунчилик ҳужжатларига биноан белгиланган ҳақ - ҳуқуқлари ҳақида хабардор қилиш, бу соҳада мавжуд муаммолар ва уларнинг ҳуқуқий ечими,истеъмолчиларнинг билими ва саводхонлигини ошириш юзасидан олиб борилган ишлар санаб ўтилди. Бугунги кунда агентликда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида 1159 рақамли ишонч телефони фаолият кўрсатмоқда.
Ҳурматли истеъмолчи, ҳуқуқларингиз бузилган ҳолларда агентликнинг юқоридаги қисқа рақамларига қўнғироқ қилсангиз, албатта, ҳуқуқларингиз ҳимоя қилинади.
Файзулло Яҳёев,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзA