Истеъмолчи ҳуқуқлари судда ҳимоя қилинди
Самарқанд шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан фуқаро Саида Мўминованинг “Florensiya Samarkand” МЧЖ билан тузилган шартнома шартлари бажарилмай келинаётгани хусусидаги мурожаати ўрганилиб, ўрганиш якунлари бўйича истеъмолчи манфаатларини кўзлаб, тегишли тартибда Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига киритилган даъво аризаси кўриб чиқилиб, суднинг ҳал қилув қарори чиқарилди.
Истеъмолчи Саида Мўминова ҳамда “Florensiya Samarkand” МЧЖ ўртасидаги 1-сонли шартнома шартларини бажариш мажбуриятини юклаш, жумладан, 56 миллион сўм маблағ ундирилиши ҳамда янги қурилаётган кўп қаватли турар жойдан 2 та савдо дўкон ертўласи билан бирга, 2 қаватдан 110 квадрат метр уй-жой бузилган кўчмас-мулк учун товон ҳамда ҳисобланган пеня маблағлари ҳамда маънавий зарар ундирилишида амалий ёрдам сўраган.
Ишни кўриш якунларига кўра, суд жавобгар “Florensiya Samarkand” МЧЖ ҳисобидан манфаатдор шахс Саида Мўминова фойдасига 56 миллион сўм қарз, 432 миллион сўм пеня ва 34 минг сўм почта харажати ундирилиши, жавобгар зиммасига фуқаро Саида Мўминовага 1 та савдо дўкон 132 квадрат метр биринчи қаватдан ертўласи билан бирга, 1 та савдо дўкон 70 квадрат метр биринчи қаватдан ертўласи билан бирга, 2 қаватдан 110 квадрат метр уй-жой бузилган кўчмас мулк учун товон пулини “Қабул қилиш-топшириш” далолатномаси орқали топшириш мажбуриятини юклатиш юзасидан қарор чиқарди.
Самарқанд шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти саъй-ҳаракати билан яна бир фуқаро манфаатлари судда ҳимоя қилинди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА