Истеъмолчи ҳуқуқлари кучайтирилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳасини концептуал асослаш мақсадида маъруза қилган Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н.Шариповнинг таъкидлашича, мазкур ҳужжат билан истеъмолчи ҳуқуқларининг устуворлиги, истеъмолчига товар (иш, хизмат), савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги маълумотлар давлат тилида тақдим этилиши (келишувга кўра, бошқа тилларда ҳам) белгиланмоқда.
Шу билан бирга, сотувчига бир турдаги товарлар учун ҳақ тўлаш шаклига қараб ҳар хил нарх белгилаш тақиқланмоқда, истеъмолчига нуқсонли ва талабга жавоб бермайдиган товар сотилганлигини аниқлаш билан боғлиқ харажатлар сотувчи томонидан қопланиши тартиби жорий этилмоқда.
[gallery-1168]
Юридик шахс бўлган ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг истеъмолчига мақбул сифатли ёки нуқсонли товарни алмаштириб бериш ва товар нуқсонларини бепул бартараф этиш тартибини бузиш, истеъмолчини қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташ, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олиш, шунингдек, шартномага истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва қонун ҳужжатларига зид бўлган талабларни киритиш, яроқлилик муддати ўтган товарларни реализация қилиш, норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган товар, қалбакилаштирилган озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш, олиб кириш ва реализация қилиш каби ҳуқубузарликлар учун молиявий санкциялар жорий этилмоқда.
Лойиҳада товарларни масофадан туриб ва ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда реализация қилишда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари ҳам жорий этилмоқда.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик қилиш, агентликнинг назорат хариди, товарлар текшируви ва экспертизасини ташкил қилиши, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича судда иштирок этиш каби ваколатлари мустаҳкамланмоқда.
Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишининг олдини олишга, сотувчининг истеъмолчи олдидаги масъулияти ва жавобгарлигини оширишга хизмат қилади.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА