Истеъдодли фоторассом кўргазмаси
Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Фоторассомлар шўъбаси аъзоси, Тошкент Фотосуратлар уйи қошидаги Ижодий фотосанъат мактаб-студияси раҳбари, истеъдодли фоторассом Искандар Содиқзоданинг “Акс” номли шахсий кўргазмаси очилди.
Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Фоторассомлар шўъбаси аъзоси, Тошкент Фотосуратлар уйи қошидаги Ижодий фотосанъат мактаб-студияси раҳбари, истеъдодли фоторассом Искандар Содиқзоданинг “Акс” номли шахсий кўргазмаси очилди.


Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, академиклар, таниқли ижодкорлар, маънавият тарғиботчилари, санъат арбоблари, ёш ижодкорлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.


Кўргазмага ижодкорнинг тарихий ва бошқа йўналишдаги 67 фотоасари намойиш этилди. Хусусан, портрет, натюрморт, маиший ҳамда жанрлар кесимидаги бадиий фотокартинкалари экспозициясидан ўрин олди.


Кўргазма иштирокчиларининг эътирофича, ҳар бир картинани кузатар экансиз, улар қай бир жанрда бўлмасин ўзига хос суратга олинганининг гувоҳи бўласиз. Фотоасарларда бадиий фотографиянинг техник ва технологик қонуниятлари билимдонлигидан келиб чиқиб, чизиқлар, шакллар, нур ва соя ўйинлари, сюжет қурилиши, шакллар нисбати, уларнинг жойлашуви, ранглар уйғунлиги, композицияни шакллантиришгача бўлган мураккаб ва мумтоз босқич ўта нозик дид билан босиб ўтилганининг гувоҳи бўласиз.


И.Содиқзода фотоасарларининг мавзуси ҳам турлича. Уларда юртимизнинг гўзал табиати, қайноқ лаҳзалари, байрам-тантаналари, шаҳарларимиз кўрки, болажонларнинг беғубор кайфияти, ўзбек аёлларининг назокати ва замондошлар қиёфалари жонланади. Шунингдек, ижодкор бадиий фотографиянинг техникаси, жанрлари устида тажрибалар ўтказишни ҳам дадиллик билан уддалайди.
Таниқли ижодкор кўплаб республика ва халқаро кўргазмаларда иштирок этиб, ғолибликка эришган.