Истанбулда кураш турнири кучлиларни аниқлади
Туркиянинг Истанбул шаҳрида кураш бўйича икки кун давом этган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнир якунланди.
Мукофот жамғармаси 10 минг евро этиб белгиланган нуфузли мусобақада 20 га яқин давлатларнинг курашчилари беллашди. Мусобақалар эркаклар ва аёллар ўртасидаги мутлақ вазн тоифасида ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон кураш федерацияси хабар тарқатди.
Халқаро кураш ассоциацияси, Европа кураш конфедерацияси, Ўзбекистон ва Туркия кураш федерациялари ҳамкорлигида Истанбулдаги “Turkish Word Cultural Quarter” маданият марказида юзлаб хорижлик сайёҳлар иштирокида ўтказилган турнир давомида кураш беллашувлари билан бирга миллий қадриятларимизга хос анъаналар тарғиб қилинди. Ўзбек миллий мусиқа садолари янгради. Халқ амалий санъат асарлари намойиш этилди.
Беллашувлар натижасида аёллар ўртасида ғолиблик туркиялик Зурнаси Эсига насиб қилди. 2-ўринни ҳамюртимиз Ситора Ҳусанова банд этди. Кучли учликдан эса туркиялик Зехркая Белкис ва руминиялик Александра Лорена жой олди.
Эркаклар ўртасидаги мусобақаларда ўзбекистонлик спортчи Муҳаммадкарим Хуррамов барча беллашувларни ғалаба билан якунлаб, финалда тожикистонлик Дадахон Қурбоналиевдан устун келди ва халқаро турнирнинг бош совринини қўлга киритди. Кейинги ўринлар латвиялик Виктор Реско ҳамда туркиялик Гузел Цанга тегишли бўлди.
ЎзА