Истанбулда араб китоблари намойиш этилади
Ҳамкорларимиз саҳифаларида
Истанбулда 1-9 октябрь кунлари еттинчи Халқаро араб китоблари кўргазмаси ташриф буюрувчилар учун ўз эшикларини очади.
“Чегара билмас дунё” шиори остида кўргазмалар марказида бўлиб ўтадиган тадбирнинг глобал ахборот ҳамкори “Anadolu” ахборот агентлиги.
Туркия Маданият ва туризм вазирлиги кўмагида Ноширлар ва матбаачилар профессионал уюшмаси, шунингдек, араб тилидаги китоблар нашриётчилари халқаро уюшмаси иштирокида уюштирилаётган анжуманнинг бош ҳомийси Истанбул Савдо-саноат палатаси ҳисобланади.
Бу йил 29 давлатдан 250 га яқин нашриёт иштирок этиши кутилаётган кўргазмада 100 дан ортиқ анжуман, муҳокама, мунозара давралари, муаллифлар учрашувлари, шеърият кечалари, концертлар, театрлаштирилган томошалар, ижодий маҳорат сабоқлари ташкил этилади.
Намойиш координатори, фан номзоди Муҳаммад Ағиракча ушбу тадбир Туркиядаги араб ҳамжамиятига яқинликни кўрсатишга қаратилганини айтди:
- Маданият учун сарҳад йўқлигига ишонамиз. Қадриятлар орқали биз чегараларни кесиб ўтамиз. Болгария, Шимолий Македония, Қозоғистон, Ўзбекистондан талабалар, ноширлар келиб, бир майдонда тўпланади, бир-бири билан араб тилида мулоқот қилади.
Бу йилги устувор жиҳатлардан бири - тил бурчагида тажрибали ўқитувчилар турк ва араб тилида очиқ дарс олиб боради.
Жами 150 минг киши келиши кутилаётган еттинчи Истанбул Халқаро араб китоблари кўргазмаси Туркиядаги араб жамиятига, хоҳ сайёҳ, хоҳ муҳожир бўлсин, улгуржи ва чакана савдода араб тилидаги китобларни тақдим этади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА