Иссиқхоналарда газ таъминоти етарлими?
Сурхондарё вилояти қишин-ёзин сархил озиқ-овқат маҳсулоти етиштириш учун қулай муҳитга эга. Бу имкониятдан оқилона фойдаланаётган тадбиркорлар йирик иссиқхона барпо этиб, куз-қиш мавсумида ҳам турли зироат парваришлашнинг ҳадисини олган.
Кейинги йилларда иссиқхона ташкил этиб, ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган тадбиркорларнинг ҳар тарафлама қўллаб-қувватланаётгани дунёда озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ортиб бораётган бир пайтда мамлакатимизда ана шу турдаги маҳсулотлар хавфсизилигини таъминлашда муҳим омил бўлаётир. Воҳада кейинги йилларда 16 та замонавий йирик иссиқхона бунёд этилиб, турли озиқ-овқат маҳсулотлари парваришланаётгани ҳам бунга яққол далилдир.

Куз-қиш мавсуми иссиқхоналарни бир маромда ёқилғи билан таъминлаш нафақат тадбиркорларнинг ўз бизнесини ривожлантириши балки, бозорларимизга узлуксиз табиий, арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришнинг энг самарали йўлларидан биридир. Хўш, қиш эшик қоқаётган ва иссиқхоналардаги ноз-неъматлар ҳосили пишиб етилаётган бир пайтда уларни энг қулай ёқилғи–табиий газ билан таъминлашнинг аҳволи қандай? Қишнинг совуқ кунлари иссиқхоналарда газ узилишлари содир бўлмайдими?

–Президентимиз қишда ҳам ноз-неъмат етиштириб, дастурхонларимизни обод қилаётган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун иссиқхоналарни газ таъминотидан огоҳлантиришсиз узиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича тегишли топшириқ берган эди, – дейди “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали ахборот хизмати раҳбари Азиз Машрапов. – Шунга мувофиқ вилоятда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Барча иссиқхоналарга етарли табиий газ етказиб берилмоқда. Воҳамизда сўнгги йилларда барпо этилган йирик иссиқхоналарнинг 14 таси табиий газ таъминотидан фойдаланади. Чунки кўмир, солярка каби муқобил ёқилғиларнинг ҳеч бири газнинг ўрнини босмайди. Бунинг сабаби табиий газдан фойдаланиш маҳсулотнинг сифатли ва экспортбоп етилишини таъминлайди.

Маълумотларга кўра, Термиз туманидаги “Голд агро Фреш” масъулияти чекланган жамияти 100 гектар майдондаги иссиқхонада помидор етиштирмоқда. Иссиқхона бир ойда ўртача 2 миллион куб-метр газдан фойдаланади. Газчилар замонавий иссиқхонада бўлиб, бу ерда табиий ёқилғидан самарали фойдаланиш ҳолатини ўрганди. Газ тақсимловчи ускуналарни кўздан кечирди. Тадбиркор ва мутахассислар билан суҳбатлашиб, ўзларининг таклиф ва тавсияларини берди.

–Табиий газдан фойдаланиб маҳсулот етиштиришнинг қатор афзалликлари бор, – дейди “Голд агро Фреш” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Илҳом Сулаймонов. – Маҳсулот экспортбоп бўлиб пишади. Газ иссиқхонани кўмир ва бошқа муқобил ёқилғиларга нисбатан тез иситиб беради. Газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётганимиз йўқ. Аксинча, соҳа мутахассислари келиб, ҳол-аҳвол сўраб туришибди. Ҳосил пишиб, етилиши билан Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон каби давлатларга 7 минг тонна помидор экспорт қилишни режалаштирганмиз. Бунинг учун етарли имконият мавжуд.
Термиз туманидаги “Сурхон Жануб экспорт” масъулияти чекланган жамиятининг 10 гектар майдондаги иссиқхонаси ҳам мўл ҳосилдан нишона бермоқда. Бу иссиқхонада парваришланаётган помидорни бир маромда ёқилғи билан таъминлаш учун ойига ўртача 500 куб-метр табиий газ сарфланади. “Термизгазтаъминот” корхонаси ҳудудда фаолият юритаётган иккита йирик иссиқхонага етарли миқдорда табиий газ етказиб бермоқда.

– Мазкур иссиқхоналарда етиштирилаётган помидор ва бодрингларнинг сифатли пишиб етилиши учун об-ҳавонинг иссиқ ёки совиб қолишига қараб, 1 миллион куб-метрдан уч миллион куб-метргача табиий газ сарфланади, – дейди “Термизгазтаъминот” корхонаси бўлими муҳандиси Илҳом Ҳайитов. – Иккала иссиқхона билан ҳам мустаҳкам алоқа ўрнатилган. Мабодо кутилмаган узилиш бўлиб қолган тақдирда ҳам бу ҳолат зудлик билан бартараф этилади. Мавсумда газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар бўлмайди.
“Сурхон Жануб Экспорт” масъулияти чекланган жамияти иссиқхонасида уч юздан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. Улар серҳосил ва экспортбоп навли бодринг парваришлаб, пишиб етилган маҳсулотни ички ва ташқи бозорга пешма-пеш етказиб беради. Маъмурчилигимиз бунёдкорлари йил якунигача хорижлик буюртмачиларга 5 миллион долларлик 1 минг 800 тонна маҳсулот экспорт қилишни режалаштирмоқда.
Вилоятнинг Шеробод, Ангор, Денов, Сариосиё, Олтинсой каби туманларида бодринг, помидор, булғор қалампири ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари парваришланаётган иссиқхоналарни ҳам куз-қиш мавсумида етарли табиий газ билан таъминлаш учун тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинган. Бу борада амалга оширилаётган барча ишлар қиш мавсумида ҳам бозорларимизда нарх-наво барқарорлиги ва дастурхонларимиз тўкинлигини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири