Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикер ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитов Андижон вилоятида бўлиб, тадбиркорлик субъектлари, деҳқон хўжаликлари, кластерлар ва аҳоли томорқаларида олиб борилаётган ишлар билан танишди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси етакчиси Асака тумани адирликларида “Сабо ҳамкор” масъулияти чекланган жамияти томонидан 111 гектар майдонда ташкил этилаётган “Net House” усулидаги замонавий иссиқхона фаолияти билан танишди. Айни кунда мазкур иссиқхонада 10 турдан ортиқ маҳсулотлар етиштирилмоқда.
Иссиқхоналарда малина, қулупнай, помидор, бодринг, бақлажон, карам, булғор қалампири каби маҳсулотлар экилган бўлиб, бугунги кунда етиштирилган ҳосилни йиғиштириб олиш ишлари бошланган. Умумий қиймати 40 миллион АҚШ долларига тенг мазкур лойиҳа ҳали тўла ишга тушгани йўқ. Шу кунларда иссиқхона ҳудудидаги 15 гектар майдонда қурилиш ишлари якунланиб, йўлларни асфальтлаш ишлари олиб борилмоқда. Умуман, лойиҳа тўла қувват билан ишга тушгач, 600 нафар фуқаро доимий, 2 минг нафардан зиёд фуқаро эса мавсумий даромадли иш билан таъминланади.
Бу аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда бозор расталарини арзон ва сархил меваларга тўлдириш, экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини ошириш, энг муҳими, унумдорлиги паст бўлган майдонлардан яхшигина даромад олиш борасидаги имкониятларни оширади.
– Биламизки, Андижонда экин майдонлари чекланган, – дейди O'zLiDeP етакчиси Актам Хайитов. – Шу боис, унумсиз ерларнинг унумдорлигини ошириш, фойдаланилмасдан турган адир ҳудудларини ўзлаштириш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, экспорт ҳажмини ошириш, қолаверса, йилдан йилга ортиб бораётган аҳолининг қишлоқ хўжалик маҳсулотларига бўлган талабини қондиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги эътиборга молик. Бу каби намунали лойиҳалар партиямиз томонидан доимий қўллаб-қувватланади.
Актам Хаитов тадбиркорлар фаолияти билан танишиш жараёнида иссиқхонада етиштирилаётган маҳсулотлар бозорини топиш, экспортини йўлга қўйиш, шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаини шакллантириш юзасидан ўз таклиф, фикр ва мулоҳазалари билдирди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА