Иссиқхоналар экологик экспертизаси: тўлов 2 миллион 860 минг сўм, 38 миллион эмас
Ижтимоий тармоқларда иссиқхона хўжаликлари учун давлат экологик экспертизасидан ўтказиш тўлови 9 миллион сўмдан 38 миллион сўмгача оширилгани ҳақида видео тарқалди. Маълум қилинишича, мазкур видео тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотдан узиб олинган. Унда Давлат экологик экспертизаси маркази мутахассиси Аҳрор Йўлдошев экологик экспертиза тўловлари бўйича берилган саволга жавоб берган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 11 майдаги тегишли қарорига мувофиқ, атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг III тоифасига кирувчи, табиий газ, кўмир ва бошқа турдаги ёқилғида ишлайдиган иситиш тизимларига эга иссиқхона хўжаликларини давлат экологик экспертизасидан ўтказиш учун БҲМнинг 6,5 баравари миқдорида тўлов белгиланган. Бу бугунги кунда 2 миллион 860 минг сўмни ташкил этади. Шунингдек, тарқалган видеода иссиқхона қозонларига сертификат бериш ва бунинг учун тўланадиган маблағлар ҳам давлат экологик экспертизаси тўловига киритилиши ҳақида нотўғри тасаввур пайдо бўлган.
Давлат экологик экспертизаси матбуот хизматига кўра, аслида иссиқхона қозонларига сертификат бериш, лаборатория тадқиқотлари, инструментал ўлчовлар ҳамда атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш хизматлари Давлат экологик экспертизаси маркази ваколатига кирмайди. Булар алоҳида хизмат турлари ҳисобланади. Демак, иссиқхона хўжаликларини давлат экологик экспертизасидан ўтказиш учун 38 миллион сўм эмас, балки 2 миллион 860 минг сўм тўлов амалга оширилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА