“Бухоро – агро” эркин иқтисодий зонасида фаолият юритаётган “Bukhara -Varnet” Ўзбекистон — Туркия ҳамкорлигидаги масъулияти чекланган жамиятида гидропоника усулида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда.
Корхона томонидан 2022 йилда умумий қийматда 25 миллиард сўмликдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилди. Қарийб 2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинди.
– Мамлакатимиз аграр тармоғидаги янгиликлардан бири бўлган “Bukhara-Varnet” МЧЖ айтиш мумкинки, ҳозирги давр иссиқхона хўжалигининг замонавий модули ҳисобланади, – дейди мазкур МЧЖ ижрочи директори Бешим Ҳамроев. – Негаки, айни пайтда худди шундай иссиқхонанинг муқобили юртимизда мавжуд эмас. Бу Нидерландия давлати андозасидир. Дастлабки йили бу лойиҳага Туркия давлати инвесторлари томонидан 2 миллион АҚШ долларидан зиёд сармоя киритилди. Иссиқхона томи Нидерландия давлати конструктив технологиясига асосланган ва тўла автоматлаштирилган режимда ишлайдиган ойнаванд ашё билан қопланган. Эгатларга тортилган махсус “кокос тупроқ”ли жўякларда етиштирилаётган помидор, бодринг ва бошқа сабзавот маҳсулотлари турли дармондорилар билан бойитилган томчилатиб суғориш тизими орқали парваришланмоқда. Дастлабки йилларда корхона иссиқхонасида яъни, Туркия давлати агрономлари иш услуби асосида парваришланган 3 гектарли экин ерида нишона ҳосил сифатида сара навли 72 минг туп помидор кўчатининг ҳар биридан 15 килограммга етказиб хушхўр ҳосил кўтаришга эришилди. Эндиликда худди шу услубни 40 гектардан зиёд экин еримизда қўллаяпмиз.
Иссиқхона айни кунда Пешку, Ромитан, Бухоро, Когон ва Жондор туманларидан ажратилган жами 3 минг гектар экин ерини ўзида қамраб олган “Buxoro Аgro” эркин иқтисодий зонасининг бир қисми ҳисобланади. Маҳаллий иқлим шароитини пухта ўрганган ҳолда юртимизда, айнан Бухорода қишлоқ хўжалигига, хориж технологияси асосида иссиқхона бизнесига сармоя тикишга қарор қилган тадбиркорлик субъектларига деярли минг гектар ер ажратиб берилган. Улар қаторида чет эллик сармоядорлар ҳам бор.
“Bukhara Varnet” тасарруфидаги 120 гектар ернинг катта қисмида қурилиш, конструкцияларни ўрнатиш, жиҳозлаш, автоматлаштириш каби ишлар давом эттирилмоқда. Муҳими, корхона тўлиқ ишга туширилганида йиллик маҳсулот етиштириш қуввати 33,8 минг тоннага етказилади ва бунда жами 2 мингдан ортиқ кишини иш билан таъминлаш имконияти яратилади.
Корхонада тажриба – синов участкалари, кўчатхона хўжалиги билан бирга ўтган йилдан инвитро – лабораторияси фаолиятини йўлга қўйишга киришилган. Масалан, бунда жами қурилган тажриба участкалари 70 та шохобчага бўлинган ва унинг ҳар бири 2 сотих майдондан иборат. Уларнинг ҳар бирида 6 киши меҳнат қилиши ҳисоб-китоб қилинса, маҳаллий аҳоли вакилларидан 400 кишининг доимий бандлиги таъминланади. Қолаверса, мазкур тажриба шохобчалари – қуриб жиҳозланадиган ҳавзаларда форель туридаги лосось синфига мансуб балиқлар, унинг иккинчи ярусида цитрус мева – лимон маҳсулоти ва учинчи ярусида эса қулупнай каби маҳсулот етиштириш имконияти яратилмоқда. Мазкур балиқ ҳавзалари ер тубидаги 2,5 метр чуқурликда бўлган иссиқ ҳаво ҳарорати билан, махсус циркуляция қувурлари ёрдамида иситилади.
Иккинчи лойиҳа кўчатхоналар умумий майдони деярли 1,5 гектардан иборат бўлиб, уларда йил давомида 30 миллион тупгача анвойи кўчатлар етиштириш имконияти мавжуд. Бу кўчатхоналар махсус стеллажлар ва қолипли кассеталар билан жиҳозланган бўлиб, шу кассеталарга уруғларни экиш жараёни тўла автоматлаштирилган тарзда амалга оширилади. Кўчатхона ички қисмида ёмғирлатиб суғориш тизими ва майдонни сув томчилари ёрдамида салқинлатиш учун махсус тизим ўрнатилмоқда. Бундай тизимларнинг мавжудлиги йил давомида кўчат етиштириш учун ўзига хос микроиқлимни яратади.
Шунингдек, иссиқхона мажмуасида инвитро технологиясига асосланган лабораториялар мавжуд бўлиб, улар замонавий ва тан олинган самарали усулларда махсус кўчат етиштириш ва янги навлар яратиш учун мўлжалланган шкафлар билан жиҳозланган. Аҳамиятли жиҳати, бундай шкафларнинг ҳар бири алоҳида ҳарорат ва муҳитга эга, яъни, кислород концентрацияси, нисбий намлик, ҳарорат ва керакли тезликдаги ҳаво алмашинувига эга, назорат қилиш ҳамда бошқариш имкониятини беради. Бундай махсус шкафларда етиштириладиган кўчатни ҳужайравий давридан бошлаб то кўчат кўринишига келгунича парваришлаш янги навларни синаш ва етиштириш имконини беради.
Зариф Комилов,
ЎзА