Иссиқхона – томорқа ерларида даромад манбаи
ФАО қишлоқ аҳолиси даромадларини оширишга катта эътибор қаратмоқда.
Сабзавот, кўкатлар ва кўчат етиштириш учун иссиқхонадан фойдаланиб, жуда қизиқарли ва даромадли тижорат ғоясини амалга ошириш мумкин. Ахир, уй олдидаги кичик иссиқхона ҳам хўжаликни ривожлантириш учун асос бўлиб, вақт ўтиши билан барқарор даромад манбаига айланиши исботланган.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) декабрь ойида томорқа ерларидан янада самарали фойдаланиш учун Бухоро вилояти Бухоро тумани ва Қашқадарё вилояти Қамаши туманлари қишлоқ аҳолисига 40 та иссиқхона етказиб берди.
Айтишларича, бенефициарлар маҳаллий ҳокимликлар билан келишган ҳолда ижтимоий-иқтисодий ҳимояга муҳтож фуқаролар рўйхати асосида танлаб олинди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмиталари билан ҳамкорликда амалга оширилган.
Ушбу ташаббус ФАО ва Глобал экологик жамғарманинг “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” лойиҳаси доирасида ўтказилаётгани катта аҳамиятга эга.
– Юқори даромад иссиқхонани доимий такомиллаштириш ва босқичма-босқич кенгайтириш орқали олиниши мумкин. Бу эса экинларни экиш ва тўғри парвариш қилиш бўйича маълум кўникма, малака ва билимларни талаб этади, – дейди лойиҳа миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов. – Шу боис иссиқхоналар қуриб берилгандан сўнг уларнинг эгалари билан тренинглар ўтказилди. Қишлоқ аҳолисига иссиқхонани бошқаришнинг барча жиҳатлари ўргатилди.
Таъкидлаш жоизки, лойиҳа доирасида 2021 йил давомида бенефициарларга 108 та иссиқхона ажратилган. Яқинда топширилган иссиқхоналардан ташқари, январь ойида Бухоро вилоятининг Бухоро ва Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманларида коронавирус пандемияси даврида ижтимоий-иқтисодий кўмак сифатида 34 та иссиқхона томорқа ер эгаларига топширилган эди.
Шунингдек, “Zamin” Халқаро жамоат фонди, ФАО, Халқ таълими вазирлиги ва Президент таълим муассасалари агентлиги ташаббуси билан “Zamin Eco-Education” дастурининг “Ёш фермер” лойиҳаси учун экомактабларга иссиқхоналар қуриб берилди.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қишлоқ хўжалиги, экология ва ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларни ошириш мақсадида ўқитувчилар учун амалий машғулотлар ўтказиб келинмоқда.
Б.Худойбердиев, ЎзА