Иссиқхона – қўшимча даромад манбаи
Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида иссиқхона барпо этиб, сархил озиқ-овқат маҳсулотлари парваришлаш хонадонларнинг қўшимча даромад манбаига айланмоқда. Туман аҳолисининг 3 минг 700 гектардан ортиқ майдонда томорқаси мавжуд. Ундан оқилона фойдаланиб, яхши даромад олаётган оилалар тўкин, фаровон турмуш кечирмоқда.
Туманнинг Яккабоғ маҳалласида яшайдиган Содиқ Турдиевнинг асл касби ҳисобчи. У томорқасининг 7 сотихида иссиқхона ташкил этиб, мандарин, лимон, апельсин, папая ўсимликларини парвариш қилишни йўлга қўйди. Кўчатлар ҳосилга киргунча помидор, бодринг, кўкат етиштирди.


– Иссиқхона нафақат оила бюджетининг таянчи, балки кишига шавқ улашадиган, кўнгилга ором берадиган иш, – дейди С.Турдиев. – Аввало, хориждан келтирилган бу меваларни етиштириш мен учун тадбиркорликдан ташқари завқ бағишлайдиган меҳнат.
Кўчатлар ҳосилга киргунча қишин-ёзин турли озиқ-овқат экинларини парваришлаб, яхши ҳосил олдик. Цитрус меваларимиз ҳосил нишонларини кўрсатгач, унга меҳр қўйдик. Аста-секин тажрибамиз ошиб, даромадимиз ҳам шунга яраша бўляпти.

Иссиқхоначиликни қўшимча даромад манбаига айлантирган оила аъзолари ҳар бир дарахтнинг ривожланишини ўрганиб, маҳаллий иқлимга мослаштириб олган. Улар иссиқхонадаги мевалардан йилига 40-50 миллион сўм даромад олмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА мухбири