Кузнинг илк ойи ҳам охирлаб, Жиззах вилоятининг тоғли ва тоғолди ҳудудларида аллақачон қиров тушиб, майсаларни оқартирмоқда. Бу эса совуқ кунлар яқинлигидан далолат беради.
Хўш, вилоятда куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда? Аҳоли яшайдиган кўп қаватли тураржойлар, ижтимоий ва иқтисодий объектларни иссиқлик билан таъминловчи “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонаси куз-қиш мавсумига қанчалик тайёр?
Жиззах вилоят “Иссиқлик манбаи” ДУКда бўлиб, юқоридаги саволларимизга жавоб изладик.
Аввало, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 6 июлдаги “Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий ва энергетика соҳаси объектлари ҳамда кўп квартирали уй-жой фондини 2024/2025 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида жорий куз-қиш мавсумида муҳандислик коммуникациялари ва технологик ускуналарнинг мунтазам ишлашини таъминлаш мақсадида корхонада кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз.
– Вилоят бўйича “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонамизга қарашли жами 11 та, шундан 6 та марказий, 5 та маҳаллий (локал) қозонхонага 106 та кўп квартирали уй-жой фонди уйларидаги 4128 та хонадонни ҳамда 11 та йирик ижтимоий соҳа объектини зарур иссиқлик энергияси билан тўлиқ таъминлаш юклатилган, – дейди “Иссиқлик манбаи” ДУК директори вазифасини бажрувчи Ўрол Бобоёров. – Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 22 январдаги “2022 – 2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах шаҳридаги 6 та қозонхонамиздан 2 таси, “Заргарлик” МФЙ ҳудудидаги ЛК – 1-сонли қозонхона ўтган 2023 йилда 24 миллиард 300 миллион сўм, “Иттифоқ” МФЙдаги ЛК – 8-сонли қозонхона 2022 йилда 15 миллиард 100 миллион сўмлик маблағ эвазига қурилиб, фойдаланишга топширилган. Қолган 4 та қозонхонамиз ҳам сал аввалроқ, ҳаммаси янги энергия тежамкор технологиялар асосида қурилган ва ушбу қозонхоналаримизнинг барчаси жорий куз-қиш мавсумига 100 фоиз тайёр ҳолатда. Шунингдек, Дўстлик туманидаги “Алишер Навоий” ҳамда “Чинобод” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 2 та, Зарбдор тумани “Ойбек”, Зомин тумани “Қайирма” МФЙлардаги ҳамда Ғаллаорол тумани Маржонбулоқ шаҳарчасидаги биттадан қозонхоналаримиз ҳам ушбу ҳудудлардаги ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали аҳоли хонадонларига иссиқлик энергияси етказиб беришга шай ҳолатга келтирилган.
Аввалги, эски тизимда ишлайдиган қозонхоналардан бугунги қозонхоналарнинг афзаллиги, фарқи шундаки, янгилари замонавий типда қурилган ва уларга энергия тежамкор технологиялар ўрнатилган. Масалан, эски қозонхоналарда бир қозон сувни белгиланган меъёрда иситиб бериши учун 1 соатда 1 минг 100 метр куб газ ёқилган бўлса, бугунги қозонларнинг энг каттаси учун 1 соатда 485, кичиги учун эса 285 метр куб газ сарфланади.
Шунингдек, илгари ишлатилган 160, 75 ва 55 киловатли двигателларнинг ўрнига 18 – 22 киловатли двигателлар ишлатилмоқда. Булардан кўзланган асосий мақсад миллий бойлигимиз бўлган энергияни тежашдан иборатдир.
Ушбу қозонхоналарда мавсумий ишчилар меҳнат қилади. Кўп квартирали аҳоли турар жойлари ва ижтимоий объектларни қишки иссиқлик энергияси билан таъминлаш бошланишидан 1 ой аввал вилоятдаги мавжуд 11 та қозонхонага шартнома асосида 60 нафарга яқин мавсумий ишчи қабул қилинади.
Ҳар йили, аввал қозонхонада ишлаган- ишламаганидан қатъий назар, каттароқ ҳажмдаги қозонхоналарга ишга қабул қилинаётганлар билан иш бошлашидан аввал қозонхоналарда амалга ошириши лозим бўлган вазифалари бўйича инструкция берилади. Ҳар бирига вазифа барча майда деталларигача тушунтирилиб, амалий машғулотлар ўтилади. Шундан сўнг давлат унитар корхонасига тегишли бўлган қозонхоналарга қабул қилинган мавсумий ишчилар билан қозонхоналарни ишга тушириш вақти бошлангунига қадар зарурати бор тармоқларда жорий ва қисқа таъмирлаш, пайвандлаш, синовдан ўтказиш каби ишлар амалга оширилади.
Айни вақтда Жиззах шаҳридаги РК – 12-сонли қозонхонага захира сифатида қўшимча яна 1 та қозон ўрнатиш, Зомин ва Зарбдор туманларида 1,4 километрдан, Дўстлик туманида 350 метр масофадаги иссиқлик тармоқларини иситиш мавсуми бошлангунга қадар алмаштириш ишларини амалга оширишни режалаштирилган.
Булардан ташқари, жами 304 километрлик иситиш тармоқларида таъмирлаш, алмаштириш, тозалаш, босимни синовдан ўтказиш ишларини амалга ошириш ҳам режага киритилган. Бу ишларни амалга ошириш учун зарур маблағлар ажратилиб, лойиҳалаштириш ишлари экспертизадан ўтган. Ушбу таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун тендер эълон қилинган эди. У якунига етиб, тендерда ғолиб бўлган қурувчи ташкилотлар аниқ бўлди. Улар билан жорий йилнинг 1 октябридан 10 октябрига қадар ушбу режадаги ишларни якунига етказиш бўйича келишув имзоланди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/lHM8b8n-PDg" title="“Issiqlik manbai” DUK qish mavsumiga tayyormi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (видео, сурат), ЎзА мухбирлари