Ўзбекистон Республикасининг Шарқ мамлакатлари билан икки ва кўп томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бормоқда.
Бундай шароитда шарқ тилларини пухта ўзлаштирган, ушбу мамлакатнинг тарихи ва маданияти, сиёсати, иқтисоди ҳамда дини, фалсафаси бўйича комплекс билимларга эга юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, айни пайтда айрим шарқ давлатларида кузатилаётган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жараёнларни тўғри таҳлил қилган ҳолда таклифлар ва тавсиялар бера оладиган, юртимиздаги кўп асрлик маданий ва илмий ютуқлар акс этган қўлёзма манбаларни тадқиқ этадиган шарқшунос кадрларни тайёрлаш алоҳида эътиборга лойиқ.
Тошкент давлат шарқшунослик университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Нодир АБДУЛЛАЕВ хориж олимлари билан шарқшунослик соҳасида илмий тадқиқотларни ривожлантириш борасида ЎзА мухбирига интервью берди.
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 16 апрелдаги “Шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори шарқшунослик соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш тизимини ташкил этишни янада такомиллаштириш ва сифатини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишларни тубдан такомиллаштириш имкониятини яратди, – деди Н.Абдуллаев. –Ўзбекистон шарқшунослигида янги саҳифани очиб берган ушбу қарор натижасида шарқ мамлакатларининг тиллари, тарихи, маданияти, моддий ва маънавий мероси, иқтисодиёти, сиёсати, халқаро майдондаги нуфузи, уларнинг замонавий антропология ва этнологияси, таржимашунослик, шунингдек, туризм ва гид ҳамроҳлиги соҳаларида комплекс билимларга эга, меҳнат бозори учун рақобатбардош бўлган юқори малакали кадрларни тайёрлаш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини узлуксиз ошириб бориш ишларини таъминлашга эришилди.
Таъкидлаш жоизки, ТДШУ жамоаси томонидан қатор мақсадли чора-тадбирларнинг изчил амалга оширилиши натижасида илмий тадқиқот ишларини ривожлантириш, университетда фаолият олиб бораётган илмий даражали педагог кадрларнинг сонини ошириш борасида муайян натижаларга эришилди. Хусусан, бугунги кун университетда 40 нафар фан доктори, профессор, 100 нафар фан номзодлари фаолият юритмоқда. Университетда тўртта илмий журналлар нашр этилиши йўлга қўйилди ҳамда уларнинг таҳрир ҳайъатларига етакчи хорижий университетлар ва илмий марказларнинг таниқли олимлари жалб этилди. Дунё илмий жамоатчилигидаги янги тенденциялардан келиб чиқиб, ТДШУ илмий журналларининг 2 таси электрон нашр сифатида таъсис этилди. Мазкур журналларда нашр қилинаётган илмий мақолалар сони йилига 500 тадан оширилди. Шу жумладан, ҳар йили 40-50 та монографиялар чоп этиш, 20-25 нафар тадқиқотчиларнинг диссертациялари ҳимоясини ташкил этиш, олий таълимдан кейинги таълим институтига қамровни кескин ошириш орқали университет бўйича илмий изланувчилар сонини 60 нафарга етказиш имконини берди.
Мазкур ҳолат аввалги йилларда жуда кам сонли мутахассис тайёрланган шарқшунослик соҳаси учун жиддий ўсиш ҳисобланади. Бу борадаги саъй-ҳаракатларда маҳаллий ва хорижий ташкилотлар билан изчил ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш ҳам муҳим аҳамиятга молик. Бунда етакчи хорижий олий таълим ва илмий муассасалари билан илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш, университетнинг халқаро имиджини ошириш, инвестицияларни жалб қилиш, илғор чет эл тажрибаларини илмий жараёнга татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу нуқтаи назардан куни кеча Тошкент давлат шарқшунослик университетидаги ва Исроилнинг Қуддус шаҳридаги Хебро университетида фаолият олиб бораётган арабшунос, эроншунос, афғоншунос олимлари ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикасининг Исроилдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ф.Махмудова кўмагида ташкил этилган ушбу учрашувда икки олий таълим муассасаси ўртасида шарқшунослик соҳасига оид соҳаларда илмий тадқиқот ишларини йўлга қўйиш борасида ўзаро фикр алмашилди.
Шу билан бирга, томонлар ўртасида янги ихтисосликлар бўйича олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлашни ташкил этиш, илмий фаолиятга оид дастурлар доирасида бажариладиган илмий тадқиқот ишлари самарадорлигини ошириш, жумладан, ТДШУ томонидан ташкил этиладиган шарқшунослик соҳасига оид долзарб мавзулардаги илмий-амалий конференцияларда исроиллик олимларнинг иштирок этиши, “Web of Science”, “Scopus” каби халқаро маълумотлар базасида индексланувчи нашрларда ҳаммуаллифликда илмий мақолалар чоп этиш, шунингдек, монографиялар нашр этиш йўлида ҳамкорлик қилиш борасида ҳам тажриба алмашиш имконияти мавжудлиги қайд этилди.
Ўзбекистонлик ва исроиллик олимлар илмий мулоқотининг очилиш маросимида ТДШУ ректори Гулчеҳра Рихсиева сўзга чиқиб, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг илмий ишлар ва инновациялар борасидаги асосий вазифалари ҳамда уларни амалга ошириш мақсадида олиб борилаётган комплекс чора-тадбирлар борасида батафсил маълумот берди.
Жумладан, унинг қайд этишича, бугунги кун шарт-шароитлари, халқаро вазиятдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, шарқшунослик соҳасидаги фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотлар устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Мана шу соҳаларда дунёга танилган олимларимиз бор. Улар яратган илмий мактабларнинг келгусида давом эттирилиши муҳим аҳамиятга молик. Ҳақиқатан ҳам, ҳозирги пайтда рақамли технологиялар истиқболдаги илмий тадқиқотларнинг асоси деб ҳисобланмоқда. Рақамли технологиялар шарқшунослик соҳасининг ривожи учун, хусусан, ёзма маданий меросимизни ўрганишда, шунингдек, шарқ тиллари, тарих, сиёсий фанлар, иқтисод йўналишларидаги тадқиқотларда ҳам рақамли технологияларни қўллаш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Исроил университетининг Осиё ва Африка мамлакатлари институти профессори Юлия Рубанович исроиллик олимлар ТДШУ профессор-ўқитувчилари билан Шарқ халқларининг маданияти, шарқ тилларидаги адабий, тарихий, фалсафий манбаларни, шунингдек, Шарқ мамлакатларининг ривожланиш омиллари, улардаги замонавий ижтимоий-сиёсий, иқтисодий жараёнлар, шарқ маданияти ва мероси, қадимий қўлёзмаларни илмий жиҳатдан ўрганиш ҳамда биргаликда илмий-тадқиқот ишларини олиб боришга катта қизиқиш билдираётганини маълум қилди. Айниқса, шарқшунослик соҳасида илмий тадқиқотлар Шарқ ва Ғарб методологияси асосида амалга оширилишини қайд этиб, Исроил университети илмий ходимлари Тошкент давлат шарқшунослик университетининг бу борадаги илғор тажрибасини ўрганиб, уларни Исроилнинг Қуддус шаҳридаги Хебро университети илмий жараёнига жорий этиш муҳим аҳамиятга моликлигини эътироф этди.
Учрашув якунида ўзбекистонлик ва исроиллик илмий-педагог кадрлар ўзаро алоқаларни ўрнатиш ва икки томонлама манфаатли йўналишларда илмий ҳамкорликни ривожлантириш ва уларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олди.
ЎзА мухбири
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди.