Исроил ва ҲАМАС сулҳига қандай эришилди? (+видео)
Исроил ҳукумати ва ҲАМАС вакиллари Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва асирларни озод этиш бўйича келишувга эришди. Икки давлат ўртасидаги музокаралар 14 январ куни Қатар пойтахти Доҳада бўлиб ўтди. 13 январга ўтар кечаси воситачилар – АҚШ, Қатар ва Миср орқали бир йилдан ортиқ давом этган музокараларда ниҳоят натижага эришилди ва минтақада тинчлик ўрнатилди.
Бу сулҳ қанчалик мустаҳкам ва қачонгача амал қилади ва ҳудудда тинчликни таъминлаш, асирларни алмашиш, ўт очишни тўхтатишда томонлар қандай ҳаракат қилади?
Шу ва минтақадаги вазият хусусида шарқшунос олим, Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти Шавкат Икромов билан суҳбатлашдик.
- Нима учун Исроил ҳукумати ва ҲАМАС вакиллари айнан ҳозирги вазиятда сулҳга эришди?
- Вазият тақозоси айнан ҳозирги кунларга тўғри келган деб айтишимиз мумкин. Бу Исроилни Ғазо минтақасига бостириб кириши ва ҲАМАС ташкилоти билан бир йилдан ортиқ вақт давомида ҳарбий ҳаракатларни олиб бориши ва бу минтақада кўплаб уруш жиноятларини содир қилишининг асосий қўллаб-қувватловчиси ва ҳомийси сифатида АҚШ эътироф этиб келинди. Тўғри, орада Қўшма Штатлар Исроил уруш ҳукумати раҳбари Биньямин Нетаньяхуни маълум бир муддат ўз тизгинидан ҳам чиқариб юборди. У билан ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар бир неча марта самарасиз якунланди. Лекин нима бўлгандаям қурол-яроғ билан қўллаб-қувватлаш ва халқаро майдонда Исроилнинг позициясида қўшма штатлардаги Байден ҳукумати ҳозирга қадар таъсирини ўтказиб келди.
Яъни, Исроилни доимий равишда қўллаб келди. Уларнинг сиёсий риторикасида: “Биз Исроилни бундан қайтармоқчимиз”, “Исроилни тийиб туриш учун ҳаракат қиляпмиз ва тинч аҳолининг ўлимига қаршимиз” деб қайсидир маънода ҳамдардлик билдиргани билан, лекин Байден ҳукумати Исроилни қўллаб-қувватлаб келди.
Сайлов натижасига кўра Байден ҳукумати ортиқ ўз фаолиятини давом эттира олмайди. Қўшма Штатларда янги ҳукумат республикачилар ҳокимият тепасига келяпти Трамп раҳбарлигида ва уларнинг Яқин Шарқ бўйича позициялари демократларникидан кўра анча фарқланади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/HruHIUUvl4Y" title="Isroil va HAMAS sulhiga qanday erishildi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Дониёр Якубов, Анвар Аҳмедов, ЎзА