Исроил Сурияга босимни кучайтирмоқда
Якшанба куни Дамашқ қуролли гуруҳлар томонидан босиб олингани ва президент Башар ал-Асад ҳукумати қулаганидан кейин сионист ҳарбийларининг Сурияга ҳужумлари авж олди.
Манбага кўра, Исроил ҳарбий самолётлари Латакия портидаги Сурия ҳарбий-денгиз кучлари объектларини бомбардимон қилган.
Сурия давлат ахборот агентлиги (SANA) душанбага ўтар кечаси порт инфратузилмасидан ташқари, Латакиядаги ҳарбий кемалар ва барча денгиз жиҳозлари Исроил жанговар самолётлари томонидан нишонга олинганини ёзиб чиқди.
Шунингдек, Дамашқ жанубидаги Ал-Баҳдлия ҳудудига ва Дамашқ шимоли-шарқининг Барзеҳ маҳалласидаги илмий тадқиқот марказига ҳамда Ақраба ҳудудидаги вертолёт аэропортига ҳам ҳужум бўлгани ҳақида хабарлар бор.
2011 йилдан бери ушбу араб мамлакатини инқироз қамраб олганидан сўнг Дамашқнинг БМТга шикоят қилишига қарамай, Исроил Сурия ҳарбий ва фуқаролик объектларига доимий равишда ҳужумлар уюштириб келади.
Мусулмон Зиё, ЎзА