Исроил Эронда ҳарбий амалиёт ўтказишга тўлиқ тайёр, деб хабар тарқатди “CBS News” телеканали Америкадаги манбаларига таяниб.
Таъкидланишича, Вашингтон Эрон қўшини Ироқдаги айрим АҚШ объектларига жавоб зарбаси беришига ишонмоқда.
– Чоршанба куни баъзи америкаликларга минтақани эртароқ тарк этиш маслаҳати берилганининг сабаби ҳам шу, – деган мухбир.
Масалан, “Associated Press” икки америкалик мансабдор шахсга таяниб, Давлат департаменти минтақадаги беқарорлик хавфи асносида Бағдоддаги элчихонадан зарур бўлмаган ходимларни олиб кетиш тўғрисида буйруқ чиқаришга тайёрланаётганини ёзди.
Манбага кўра, элчихона аллақачон қисқартирилган штат асосида ишламоқда. Бундан ташқари муҳим бўлмаган ходимлар, уларнинг оила аъзоларига Баҳрайн ва Қувайтни ихтиёрий равишда тарк этишга рухсат берилиши кутиляпти.
Пентагон ҳам ходимларни Бағдоддан кўчириш қарори қўллаб-қувватланишини тасдиқлаган.
Мудофаа вазири Пит Хегсет америкалик ҳарбий хизматчилар оила аъзоларига Марказий қўмондонлик (CENTCOM)ка қарашли масъулият ҳудудидаги объектлардан ихтиёрий тарзда чиқиб кетишига рухсат берган. Зеро, АҚШ Исроилнинг Эрон ядровий иншоотларига зарба беришидан хавотирда, деб ёзди “Washington Post”. Нашр айни пайт хавфсизлик ва фавқулодда вазиятга тайёрлик чоралари кўрилаётганини қўшимча қилган.
Сўнгги хабарларга кўра, CЕНТCОМ бошлиғи Майкл Курилла Яқин Шарқдаги кескинлик туфайли Сенатнинг Қуролли кучлар қўмитасидаги нутқини кейинга қолдирган. Бу ҳақда “Рейтер” икки америкалик мулозимга таяниб хабар тарқатди.
Исроил расмийлари амалиёт бошланиши эҳтимоли базасидан маълумот беришдан бош тортган.
Аввалроқ “Washington Post” АҚШ Исроил Президент Дональд Трампни огоҳлантирмасдан Эроннинг ядровий иншоотларига ҳужум қилиши мумкинлигидан хавотирдалигини ёзган. Бундай ҳаракат Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги музокара жараёнига путур етказади.
Эрон ва Қўшма Штатлар Ўмон воситачилигида Ислом Республикасининг ядровий дастури бўйича беш марта билвосита музокара ўтказди. 23 май куни Римда бўлиб ўтган охирги мулоқот якунида Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчий Ўмон таклиф этган механизмни эълон қилиб, бу ҳужжат музокара муваффақияти йўлидаги тўсиқларни бартараф этишини таъкидлаган. Унинг фикрича, бир-икки босқичда ижобий натижага эришиш мумкин. Асосий тўсиқ уранни бойитиш қобилияти масаласи.
Аввал ҳам айтилганидек, музокарада Қўшма Штатлар Эрон ядро қуролини яратиш қобилиятига эга бўлмаслигини таъминлашга ҳаракат қилмоқда. Иккинчи томон эса санкцияни бекор қилишга интилмоқда.
“New York Times” нашрининг сўнгги ахборотига кўра, Эрон Исроил ҳужумига муносиб жавоб қайтариш режасини ишлаб чиққан.
Газета ёзишича, Эрон ҳарбийлари ва ҳукумат амалдорлари аллақачон Исроилнинг эҳтимолий зарбасига жавоб чораларини муҳокама қилган. Теҳрон юзлаб баллистик ракета ёрдамида зудлик билан қарши ҳужум амалга ошириш назарда тутилган режа тайёрлаб қўйган.
С.Раҳимов, ЎзА