Исроф қилинган сув ўрнини жарима билан қоплаб бўлмайди
Халқимизда «Уммоннинг бўйида бўлсанг ҳам бир томчи сувни исроф қилма» деган мақол бежиз айтилмаган.
«Сардоба» сув омборида юз берган техноген ҳалокат оқибатида Жиззах вилоятининг ушбу иншоотдан Жанубий Мирзачўл магистраль канали орқали суғориладиган туманларда сув танқислиги юзага келди.
Вилоятнинг Арнасой, Дўстлик, Мирзачўл, Зарбдор, Зафаробод, Пахтакор ҳамда Зомин ва Шароф Рашидов туманларининг бир қисми сув танқислиги «Сардоба»дан келадиган сувдан фойдаланади. Айни пайтда ушбу ҳудудлардаги фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқасини сув билан таъминлашда қийинчилик юзага келаётир.
Юзага келган вазият сувдан тежамкорлик билан фойдаланишни, белгиланган қоида ва тартибларга қатъий риоя қилишни тақозо этмоқда. Бу мураккаб вазиятда Республика Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг ҳудудий органлари сув хўжалиги соҳасидаги қонунчилик талаблари ва қоидаларига риоя этилиши ҳамда сувдан самарали фойдаланиш устидан назоратни кучайтирмоқда.
Шу мақсадда инспекция томонидан Зомин ирригация тизими бошқармасига қарашли ДМ – 1 каналининг ПК-808 сув иншооти орқали ўтказилган сувдан фойдаланишни ўрганиш бўйича ўтказилган навбатдаги мониторинг ва назорат тадбири давомида сув тақсимотида бир қатор камчиликларга йўл қўйилаётгани аниқланди. Хусусан, тадбир давомида Шароф Рашидов туманидаги «Самарқандқудуқ» фуқаролар йиғини ҳудудига кирувчи ариқдан фойдаланаётган фермер хўжаликлари ва томорқа эгалари ўртасида низо келиб чиқишига сабаб бўлган муаммо ўрганилиб бартараф этилди.
– Бизнинг ҳудудда 29 та пахта ва ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари фаолият кўрсатмоқда, – дейди «Самарқандқудуқ» фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмаси раиси Шароф Ибрагимов. – Айни кунларда 1 минг 379 гектар пахта майдонига сув олмоқдамиз. Бунинг учун ички навбатлар ташкил қилганмиз. Бироқ навбат келганда ҳам сув етарли келмаслиги қийнаётир. Бунга айримларнинг белгиланган тартибга риоя этмасликлари ҳам сабаб бўлаётир. Инспекция ходимлари бу муаммони ечишда яқиндан кўмак бераётганидан миннатдормиз.
Сув таҳчил пайтда унинг бир томчисини ҳам исроф қилмаслик ниҳоятда муҳим. Бироқ ўрганиш ва назорат тадбирида инспекция ходимлари томонидан сув исроф бўлиши билан боғлиқ бошқа камчиликлар ҳам аниқланди.
Жумладан, ушбу фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Шижоаткор» фермер хўжалигига қарашли ғалладан бўшаган очиқ майдонга захлатиб сув қўйилаётган экан. Ғўза ва бошқа экинлар чанқаётган пайтда бу ўта исрофгарчиликдан бошқа нарса эмас албатта.
Албатта бу исрофгарчилик учун инспекция томонидан қонуний чора кўрилди. Бироқ сув исрофгарчилигидаги камчиликлар фақат шунинг ўзигина эмас.
Йилнинг ўтган даврида агроинспекциянинг туман бўлими томонидан сувдан фойдаланишда ҳисоб-китобларни юритиш, белгиланган лимит асосида тақсимлаб беришда йўл қўйилган хато ва камчиликлар бўйича 64 та ҳолат аниқланиб, 25 та ҳолат бўйича тегишли ҳужжатлар судга тақдим қилинди. Айбдорлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддасига асосан жаримага тортилди. Бундай камчиликларга қайта йўл қўймасликлари учун инспекция томонидан тегишли органларга тақдимномалар киритилди.
Инспекция томонидан барча ҳудудларда шундай назорат йўлга қўйилган. Сувни исроф этаётганларга, тартибни бузаётганларга қонуний чора кўрилмоқда.
– «Ўзагроинспекция» вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари бу йил сув таъминотида юзага келган мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, сувдан исроф қилмасдан, самарали фойдаланишга қаратилган тадбирларга алоҳида аҳамият қаратиб келаётир, – дейди бошқарманинг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бош инспектори Умрзоқ Ҳамдамов. – Инспекция ходимлари томонидан жорий йилнинг биринчи чорак якуни бўйича жами ўтказилган 305 та ўрганишларда 297 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Мазкур қонунбузилишларнинг 80 таси бўйича 30 миллион 774 минг сўм миқдоридаги маъмурий жарималар қўлланилиб, 100 та ҳолат бўйича ҳужжатлар тегишли маъмурий суд ва прокуратурага юборилди. Шунингдек, 91 та ҳолат бўйича жами 32 миллион сўмлик 690 минг сўм молиявий санкциялар қўлланилди.
Халқимизда «Уммоннинг бўйида бўлсанг ҳам бир томчи сувни исроф қилма» деган мақол бежиз айтилмаган. Сув – ҳаёт манбаи. Айниқса, пандемия, табиий, техноген офатлар туфайли бу йилги мураккаб шароитда сувни исроф қилишга асло йўл қўйиб бўлмайди. Шунинг учун бугунги кунда сувни исроф қилиш маъмурий жарима билан қопланадиган оддий тартиббузарлик эмаслигини деҳқончиликка озгина алоқаси бўлган ҳар бир одам англаб етиши керак.


