Испанияга Иордания орқали борилади
Бугун 13 сентябрь куни кечки пайт гандбол бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Иорданияда ўтказиладиган қитъа чемпионатида иштирок этиш учун жўнаб кетади.
Маълумки, жорий йилнинг 15-25 сентябрь кунлари Иорданияда гандбол бўйича аёллар ўртасида қитъа чемпионати бўлиб ўтади.
Ўзбекистон гандбол федерациясининг маълумотига кўра, мамлакатимиз терма жамоаси аъзолари XVIII Осиё чемпионатининг “А” гуруҳида Жанубий Корея, Гонконг, Қозоғистон, Қатар ва Сингапур терма жамоалари билан кейинги босқичга чиқиш учун баҳслашади.
“Б” гуруҳидан эса Эрон, Ҳиндистон, Афғонистон, Япония, Қувайт ва Иордания гандбол жамоалари жой олган.
–Иорданияда ўтадиган нуфузли мусобақада совринли ўринларни қўлга киритиш учун терма жамоамиз бош мураббийи Зинаида Тинкова, мураббийлар Зафар Азимов, Исмоилжон Аҳмедов етакчилигидаги гандболчи қизларимиз етарли даражада тайёргарлик кўришди. Мақсад Иордания мусобақасида муносиб иштирок этиб, шу йилнинг декабрь ойида Испанияда бўладиган жаҳон чемпионати йўлланмаси соҳиби бўлиш. Қолаверса, мазкур мусобақаларда зарур халқаро тажриба тўплаган ҳолда юртимиз гандболчи қизлар терма жамоасининг келгусида бўладиган қитъа ва олимпия ўйинларида иштирокига эришиш, – дейди Ўзбекистон гандбол федерацияси бош котиби Исмоил Матхалиқов.
Айтиш лозимки, Осиё чемпионати Низомига кўра, унда муносиб иштирок этган олтита давлат терма жамоалари жаҳон чемпионати йўлланмасига эга чиқади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА