Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ISO 37001:2016 халқаро стандарти: амалиёт ва самара

Коррупция дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги энг долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. У жиддий ижтимоий, маънавий, иқтисодий ва сиёсий муаммолар келтириб чиқаради ҳамда давлат органлари фаолиятига салбий таъсир кўрсатади.

ISO 37001:2016 халқаро стандарти коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизимини яратишнинг халқаро усулларини ўзида жамлаган. У коррупцияга қарши мукаммал бошқарув тизимини йўлга қўйишга хизмат қилади. 

“Ўзмиллийбанк” АЖда коррупцияга қарши курашиш менежмент тизимининг ISO 37001: 2016 халқаро стандарти талабларига мувофиқлиги бўйича консалтинг ташкилоти томонидан ўтказилган дастлабки ўрганиш натижалари бўйича ҳисоботи тингланди. Унда мазкур халқаро стандарт асосида банк тизимида амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилди.

Мазкур йўналишда банкда шу кунга қадар татбиқ этилган механизмлар ва норматив ҳужжатларнинг мавжудлиги алоҳида эътироф этилди. Хусусан, коррупцияга қарши курашиш сиёсати ва корпоратив этика кодекси, манфаатлар тўқнашувини бошқариш сиёсати, коррупцияни олдини олиш бўйича комиссияси тўғрисида, коррупцияга қарши тартиб-таомиллар самарадорлигини мониторинг ва назорат қилиш бўйича Низомлар, алоқа каналлари орқали коррупциявий хатти-ҳаракатлар тўғрисида келиб тушган хабарларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш регламенти ҳамда бошқа ички идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқилганлиги таъкидланди. Бундан ташқари, банкда “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси доирасида бир қатор ишлар амалга оширилаётгани ижобий баҳоланди.

– Йирик ташкилот раҳбари ҳар бир ходимни назорат қила олмайди. Бунинг учун самарали тизим керак, – дейди Комплаенс назорат ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи Дилмурод Жўрабеков. – ISO 37001:2016 халқаро стандарти ташкилотга у қайси мамлакатда фаолият кўрсатишидан қатъий назар коррупцияга қарши бошқарув тизимини ишлаб чиқишда, жорий этишда ва такомиллаштиришга ёрдам беради. 

Тадбирда коррупцияга қарши курашиш хизмати етарли ресурсларга эга бўлиши, тайинланган шахслари эса тегишли малака, мақом, ваколатларга ва мустақил бўлиши кераклиги таъкидланди. Хизмат зарурати бўлганда коррупцияга оид ёки коррупцияга қарши бошқарув тизими билан боғлиқ ҳар қандай савол ёки муаммони кўриб чиқиш учун юқори турувчи раҳбариятга тўғридан-тўғри ва тезкор киритиш имконига эга бўлиши даркор.

– Ташкилотда пора сифатида баҳоланиши мумкин бўлган ҳолатларда совғалар, миннатдорчилик рамзлари, хайр-эҳсон ва шунга ўхшаш рағбатлантириш турларини таклиф қилиш, бериш ёки қабул қилишнинг олдини олиш учун ишлаб чиқилган тартиб-таомиллар жорий қилиниб, бу бўйича тегишли семинарлар ташкил этилди, – дейди «MS Consult» маслаҳатчиси Нозим Алмедов. – Мазкур ҳолатларда стандартда коррупцияга қарши текширувларни ва чоралар кўрилишини таъминлаш учун жорий қилиниши лозим бўлган тартиб-таомиллар ҳам белгиланган.

Тадбирда коррупцияга қарши курашиш бўйича стандартларга мувофиқликни таъминлаш учун махсус тузилманинг мавжудлиги ва стандартга мувофиқ ўқув курсларидан ўтиб махсус сертификатлар олган мутахассис ходимлар борлиги ҳам таъкидлаб ўтилди. Шу билан бирга стандарт талаблари доирасида келгусида амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди.
 

Нилуфар Бозорова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),ЎзА