Исломбек: «Мард ўғлон» сўнгги марра эмас
Президентимиз 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан бир гуруҳ ёшларни давлат мукофотлари билан тақдирлади.
«Мард ўғлон» мукофотини олганлар орасида ёш ижодкор, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси Исломбек Асилбеков ҳам бор. ЎзА мухбири И.Асилбековнинг таассуротлари билан қизиқди.
- Ҳар қандай рағбат ҳамда эътибор ортида ишонч ётади, - дейди И.Асилбеков. - Бугун мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Талаба, ёшлар вакили сифатида ушбу мукофот билан тақдирланганим менга жуда катта мотивация берди. Шунинг баробарида бу ишонч зиммамга катта масъулият юкламоқда.
Жорий йил МДҲ давлатлари ўртасида ўтказилган ёш олим халқаро танловида журналистика йўналишида биринчи ўринни олдим. Қозоғистонда «Абай йили» муносабати билан ўтказилган танловда фахрли биринчи ўринга лойиқ топилиб, «Абай медали» билан тақдирландим. Шунингдек, Қозоғистонда фаолият олиб бораётган жаҳон истеъдодлар уюшмасининг муҳим хизматлари учун медали билан тақдирландим, Ҳиндистонда чоп этилган ҳикояларим ёш ижодкорларга бериладиган «Саҳидия» шеърий адабий мукофоти билан тақдирланди. Буларнинг барчаси бугун мамлакатимизда эътироф этилди.
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг 3-босқичини тамомладим. Бу давлат мукофоти менга бевосита магистр йўналиши, яъни бакалаврни тугатганимдан сўнг магистратурада 2 йиллик гранд асосида ўқиш имконини беради. Фаолиятимни журналистикада давом эттириб, ўзбек журналистикасидаги муаммоларни ўрганиб, таҳлил қилмоқчиман.
Ушбу мукофот нафақат менга, балки мамлакатимиздаги ёш журналистларга берилган мукофот, деб биламан. Бу мотивация, эътироф ва ишончга муносиб бўлишга ҳаракат қиламан. "Мард ўғлон" охирги манзил эмас, бу бошланиши. Янада кўпроқ ўқиб, билимларимни бойитиб, Ватан тараққиёти учун хизмат қиламан.
Д.Маматова ёзиб олди. ЎзА