Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар диний эркинлигини таъминлаш, бағрикенглик, ислом маърифий ғоясини тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Эътиборли жиҳати, юртимизда янги масжидлар, улуғ аждодларимиз номи билан аталаётган мажмуалар барпо этилмоқда, диний таълим муассасалари очиляпти. Соҳада халқаро ҳамкорлик тобора ривожланиб, чет эллик таниқли уламолар тез-тез диёримизга ташриф буюрмоқда, нуфузли халқаро ташкилотлар билан алоқалар мустаҳкамланяпти. Буларнинг бари юртдошларимизга чексиз қувонч ва ўзгача ғурур бағишлайди.
Маълумки, Имом Ал Бухорий, Имом Ат-Термизий, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф каби уламоларимиз Ислом ривожига улкан ҳисса қўшиб, динимиз эзгулик ва бағрикенглик рамзи эканини бутун дунёга тарғиб қилишган.
Табиийки, бугунги глобаллашув замонида ҳам уларнинг хизмати алоҳида эътироф этилади. Шу боис кўплаб сайёҳлар Ўзбекистонга ошиқади.
Давлатимиз раҳбари 2023 йил 19 сентябрь куни БМТ 72-сессиясида “Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, дея таъкидлаб, ўлкамизда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш таклифини илгари сурган эди. Ушбу ташаббусга мувофиқ, мазкур нуфузли тадбир жорий йил 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида ўтказилади.
Анжуманда БМТ Инсон ҳуқуқи бўйича вакиллари, ICESCO, IRCICA каби халқаро тузилмалар раҳбарлари, Саудия Арабистони, Миср, Россия, Туркия, Озарбайжон ва Марказий Осиё давлатлари муфтийлари, Покистон, Ҳиндистон, АҚШ ва Европа давлатлари таниқли уламолари ва тадқиқотчилари иштирок этиши кутиляпти.
Конференцияда бугунги таҳликали ва мураккаб даврда тинчликпарвар ислом динининг бағрикенгликка йўғрилган таълимотини ўрганиш, ўзаро тажриба алмашиш, мавжуд ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари батафсил муҳокама қилинади.
Муҳим форум олдидан фикр алмашиш мақсадида студиямизга Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ректори Уйғун Ғафуровни таклиф этганмиз.
Суҳбатни ЎзА “YouTube” каналида кўришингиз мумкин.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/UX6Jb4oSmP8?si=oZl36v-DlKK0xMMp" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўткир Алимов,
Ёқуб Мелибоев (видео),
ЎзА