Ислом маданияти равнақ топган юрт
Истиқлол шарофати билан табаррук диёримизда туғилган буюк алломаларнинг ҳаёти ва илмий-маънавий меросларини ўрганиб, кенг жамоатчиликка етказиш имконияти яратилди.
Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон Бадиий академияси, Республика “Ҳунарманд“ уюшмаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Ислом маданияти равнақ топган юрт” мавзусида таниқли тасвирий ва халқ амалий санъати усталарининг ижодий ишлари кўргазмаси ташкил этилди.
Ушбу кўргазманинг мақсади миллий санъатимизнинг дурдонаси бўлган халқ амалий санъати ва тасвирий санъат асарлари ноёб намуналарини кенг тарғиб қилиш, асраб-авайлаш ва ривожлантириш, ёш авлод қалбида нафосат туйғуларини камол топтириш, юртимизда самарали ижод қилаётган тасвирий ва амалий санъат вакилларининг ишларидан ёшларни баҳраманд этишдан иборатдир.

Кўргазманинг очилишида эзгулик, тинчликни, ҳамжиҳатликни, маърифатни кўзловчи ислом динининг халқимиз маданияти ва санъатига таъсири, самаралари, буюк аждодларимизнинг бой моддий ва маънавий мероси, уларнинг асарларида акс этган эзгулик ғоялари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Истиқлол шарофати билан табаррук диёримизда туғилган буюк алломаларнинг ҳаёти ва илмий-маънавий меросларини ўрганиб, кенг жамоатчиликка етказиш имконияти яратилди.

Экспозицияда асрлар давомида шаклланиб, ривож топган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, тасвирий санъат асарлари, ислом дини билан уйғунликда шаклланган анъаналар санъат намуналари воситасида намойиш этилмоқда.