Ислом – инсонларни эзгуликка чорлайди
Бугун мамлакатимизда фуқароларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, мусулмонларнинг ўз зиммаларидаги диний арконларни бекаму кўст адо этишлари учун зарур барча шароитлар яратилган.
Йиллар давомида ота-боболаримизнинг эришолмай келган орзу-умидларини кўриш сизу бизга насиб этди. Мустақиллик йилларида юзлаб янги масжидлар қурилди, зиёратгоҳлар тикланди, мадраса ва диний таълим муассасалари очилди. Бу борада амалга оширилган хайрли ва ибратли ишларни Андижон мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
– Бугун мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, хонадонимиздаги осойишталик, дастурхонларимизнинг тўкинлиги Яратганнинг биз бандаларига кўрсатаётган чексиз раҳмати, юртимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат, қолаверса, юртдошларимизнинг эзгу ишлари самараси, десак асло муболаға бўлмайди, - дейди Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакили – вилоят бош имом-хатиби Мирзамақсуд Алимов. - Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб: «Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У - хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик» деган эдилар. Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк неъмати ҳисобланади. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам тинчлик ва осойишталикдандир. Шундай экан, инсонлар тинчликнинг қадрига етиб, неъматларнинг борига қаноат қилиб, шукрона келтириб яшамоғи жоиз.
[gallery-3938]
– Шукрлар бўлсинки, бугун мамлакатимизда мўминларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари учун зарур барча шароитлар яратилган.
Бир пайтлар диний билим олиш, ҳатто ҳайит намозларини ўқиш учун жуда катта тўсиқлар қўйилган эди, - дейди Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласида яшовчи, меҳнат фахрийси Нозимжон Назиралиев. – Ҳайит, жума намозлари ўқиладиган масжидларимиз ҳам у қадар кўп бўлмаган. Собиқ иттифоқ даврида одамлар, айниқса, намозхонларнинг қанчалар қийналганлигини катта авлод вакиллари яхши билади. Шукрки, бугун ундай тўсиқ ва тазйиқлар умуман қолмаган.
Андижон вилоятида 1990 йилда юзга яқин жоме масжиди бўлган бўлса, бугунги кунга келиб, вилоятда 181 та жоме масжиди фаолият юритмоқда.
Вилоятнинг қайси бир туман ёки шаҳрига борманг, масжидларнинг озода, покиза ва кўркамлигига, айниқса, намоз ўқувчи ва ибодат қилувчилар учун барча шарт-шароитлар яратилганлигига ҳавасингиз келади.
– Қишлоғимиздаги «Умар ибн Хаттоб» жоме масжиди хоналарига кондиционерлар ўрнатилган бўлиб, ёзда салқин, қишда иссиқ, умуман, намозхонлар учун барча шароитлар яратилган, - дейди Пахтаобод тумани Чувама маҳалласида яшовчи, меҳнат фахрийси Толибжон Қўзибоев. – Айниқса, таҳоратхоналар иссиқ, совуқ сув билан таъминланганлиги, таҳорат олиш учун қулай шарт-шароитлар яратилганлиги намозхонлар беҳад мамнун.
Кейинги икки йил ичида вилоятдаги ўнлаб жоме масжидларида қурилиш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Жумладан, Андижон шаҳридаги «Қорақўрғон», Асака туманидаги «Имоми Зуфар», Хўжаобод туманидаги «Кўфа», Олтинкўл туманидаги «Оқтепа», Балиқчи туманидаги «Қилич Бурхон ота», Марҳамат туманидаги «Миришкор ота» сингари ўнлаб жоме масжидларида олиб борилган ишларни алоҳида эътироф этиш ўринли.
Вилоят ҳокимлигининг ташаббуси ҳукуматимизнинг кўмаги билан билан Андижон шаҳри, Мустақиллик кўчасидаги «Бош» жоме масжидида олиб борилган қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида масжид бутунлай янгича қиёфага эга бўлди.
Дастлаб 1870 йилда тикланган ушбу масжидда қурилиш-таъмирлаш ишлари 2018 йилда бошланиб, шу йил май ойида якунланди.
Янги бино қадимий чор айвон ва чор дарвоза услубида барпо этилди. Унинг икки четида баландлиги 54 метрлик миноралар, асосий бинонинг тепа қисмида диаметри 18 метрли гумбаз қурилган.
Қайта қуришдан аввал масжидда бир вақтда 5 минг киши намоз ўқиган бўлса, эндиликда ушбу масжид 15 мингдан ортиқ намозхонни ўз бағрига сиғдира олади.
«Бош» жоме масжиднинг қурилиши учун қарийб 00 миллиард сўм маблағ сарфланди. (Агар аниқ сумма бўлса ёзамиз, бўлмаса, ушбу жумлани чиқариб ташлаймиз)
Бугунги кунга келиб, намозхонларга қулайлик яратиш мақсадида қатор бозорлар, савдо комплекслари, йирик ошхона ва чойхоналарда таҳоратхона ҳамда намозхоналар ташкил этилган.
Фуқароларнинг диний билим олишларига кўмаклашиш мақсадида Андижон шаҳридаги Саййид Муҳйиддин маҳдум номли ўрта махсус ислом билим юртида қиз-аёллар ва эркаклар учун диний сабоқ бериш, қуръонни ўргатиш бўйича махсус курслар ташкил этилиб, уларда юзлаб юртдошларимиз диний сабоқ олмоқда.
Мухтасар айтганда, инсонларни эзгуликка, хайрли ишларга бошловчи динимиз, диний қадриятларимиз бугун тўла тикланди, ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди.
Инсон дунёда чиройли ва солиҳ амаллар билан яшамоғи керак. Бу амаллар, албатта, холис ният билан бўлишлиги лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) марҳамат қилиб: «Албатта, амаллар ниятлари билан», - деганлар. Шу маънода динимиз қадр топаётган бугунги кунда энг аввало, ниятимиз, дилимиз пок, имон-эътиқодимиз мустаҳкам бўлсин. Шундагина эзгулик, хайрли ишлар ҳамиша ҳамроҳимиз бўлади.
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,
Зуҳриддин УМРЗОҚОВ (сурат),ЎзA