Ислом бирдамлик ўйинлари муҳокама қилинди
Мамлакатимиз спортчилари учун йилнинг энг муҳим спорт мусобақаси 10-25 сентябрь кунлари Хитойда ўтадиган XIX Осиё ўйинлари эди.
Аммо, ушбу тўрт йиллик “кичик олимпиада”нинг кечиктирилиши август ойида Туркияда бўладиган V Ислом бирдамлиги ўйинларини асосий спорт тадбири мақомига олиб чиқди.
28 май куни Миллий Олимпия қўмитасида ушбу ўйинлар тайёргарлигига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Унда Спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Тошматов, спорт федерациялари ва ассоциациялари масъуллари иштирок этди.
– Йил бошидаги режага мувофиқ Коньядаги мусобақада терма жамоаларнинг захира таркиби қатнашиши керак эди. "Ханчжоу-2022" ўйинлари бекор бўлгач, Ислом бирдамлик ўйинлари "Париж-2024" ўйинларига ҳозирликнинг муҳим мусобақаси даражасига кўтарилди. Бу эса унда барча спорт йўналишлардаги асосий таркиб қатнашишига туртки берди. Конья ўйинларида қитъамизнинг Эрон, Қозоғистон, Индонезия каби етакчи спорт жамоалари қатори Озарбайжон, Миср, Туркия каби бошқа қитъанинг кучли жамоалари ҳам бўлиши, иштирокчи мамлакатлар географиясининг кенглиги ўйинларда беллашувлар Осиё ўйинларидан ҳам мураккаб ўтишини англатади. Энг муҳими, Ислом бирдамлик ўйинлари "Париж-2024" олдидан атлетларимизнинг тайёргарлигини синовдан ўтказиб беради. Шу боис, бор эътиборни Коньядаги мусобақага йўналтирмоқдамиз. – дея таъкидлади йиғилиш аввалида Спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов.
– Барча спорт турларида йил давомида муҳим мусобақалар мавжуд. Ислом бирдамлик ўйинларига юқори тайёргарликда етиб бориш учун яккакураш турларида июль ойида ўтадиган турнирларга асосий таркибни жалб қилмаслик лозим. Боиси, унда атлетларимиз жароҳат олгудек бўлса, август ойидаги Ислом бирдамлик ўйинларига тўлиқ тиклана олмасликлари мумкин. Режага кўра, барча терма жамоаларимиз июль ойини тўлалигича ўқув-машғулот йиғинида ўтказишади. 2017 йил Озарбайжонда ўтган ўйинларда 63 та медаль билан умумжамоа ҳисобида тўртинчи бўлган эдик. Бу йил Туркияда ўтадиган 57 та давлат вакиллари қатнашадиган мусобақаларда аввалги натижаларни яхшилаган ҳолда "Париж-2024" учун муносиб тайёргарлик майдонини яратмоғимиз лозим, – дея фикр билдирди МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Тошматов.
Мутасаддиларнинг таклифидан келиб чиқиб, ўйинларда қатнашадиган спорт турлари бўйича федерация масъуллари ўз мулоҳазаларини билдиришди.
Муҳокамалар жараёнида барча терма жамоаларнинг ўқув-машғулот йиғинларини ўтказишга шароит яратиб берилиши, бунинг учун масъуллардан йиғин манзили ва унда қатнашадиганлар сони бўйича аниқ маълумотларни ўрнатилган тартибда тақдим этиш лозимлиги билдирилди.
Тадбир давомида шунингдек, Президентимиз раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш тизими муҳокама қилинди.
Т. Рўзиев, ЎзА