Ислоҳотлар жараёнида ННТларнинг роли ошмоқда
Бухоро вилояти Шофиркон туманида Халқ депутатлари вилоят кенгаши ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташаббуси билан «Давлат грантлари тўғрисида ННТ ходимлари хабардорлигини ошириш, лойиҳалар ёзиш ва тақдим этишда билим ва кўникмаларни шакллантириш» мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда таъкидланганидек, Президентимизнинг жорий йил 3 мартдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори соҳа ривожида муҳим дастуриламал бўлди. Мазкур ҳужжатда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирокчи ва ҳамкор сифатида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ҳамда уларга қулай шарт-шароитлар яратиш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб берилган.
Шофиркон туманида 50 га яқин нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолият юритмоқда.
– Халқ депутатлари вилоят кенгаши ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан «Аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича «маҳаллабай» тамойили асосида самарали ҳамкорлик тизимини жорий этиш лойиҳаси асосида 40 миллион сўмлик грант ғолиблигини қўлга киритган эдик, – дейди Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Бухоро вилояти ташкилоти Шофиркон тумани бўлинмаси раҳбари Розия Шоева. – Лойиҳа доирасида Шофиркон тумани Саврак МФЙ мисолида давлатга кўмакчи сифатида ННТларнинг фаол иштирокини кўрсатишдан иборат. «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастури ижросини таъминлашда хонадонма-хонадон юриб аҳолининг дарду ташвишларини аниқлаб, муаммоларни бартараф этиш йўллари кўриб чиқилади. Яъни тарғибот – ташвиқот пайтида юқумли касалликлардан, ҳар бир зўриқиш (стресс)лардан сақланиш, тана вазнини меъёрида тутишга ўргатиш, тўғри овқатланиш, жисмоний тарбия, дам олиш, фаслга қараб кийиниш кабиларга эътибор қаратилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган давлат грантлари ҳамда давлат ижтимоий буюртмаси танловларига иштирок этиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди. Семинарда Давлат грантлари тўғрисида ННТ ходимлари хабардорлигини ошириш, лойиҳалар ёзиш, уларни тақдим этишда билим ва кўникмаларни шакллантириш бўйича кўп йиллик тажрибага эга бўлган ННТ вакиллари ҳамда фонднинг масъул ходимлари томонидан тушунтириш ишлари, тренинглар ташкил этилди.
Зариф Комилов, ЎзА