Ислоҳотлар самараси олис ҳудудларда ҳам сезилмоқда
Ташрифдан ташрифгача
Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод тумани тоғли ва қир-адирликларда жойлашган. Ҳудуд аҳолисининг асосий даромади чорвачиликдан. Тоғли ҳудудларида эса қисман боғдорчилик ривожланган. Ушбу ишлар билан асосан эркаклар машғул бўлгани боис, туманда хотин-қизлар орасида ишсизлик даражаси юқори. Шу боис туман раҳбариятининг асосий эътибори аёллар бандлигини таъминлашга қаратилган.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил бошида Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида фаолиятига старт берилган тумандаги илк текстиль корхонаси ҳам мана шу уринишларнинг маҳсулидир.
“Деҳқонобод текстиль” корхонаси 2023 йилда туманда амалиётга татбиқ этилган энг йирик лойиҳалардан бири саналади. Мазкур корхонада Туркия технологияси асосида йилига қарийб 1,5 миллион дона эркаклар, аёллар ва болалар кийим-кечаклари тайёрланади. Бу фаолият ортидан эса ҳудуддаги 500 нафар хотин-қизнинг доимий иш билан таъминланиши кўзда тутилган.
Маълумотларга кўра, ушбу корхона “Зарафшон текстиль” корхонаси негизида барпо этилган бўлиб, “Зарафшон текстиль” корхонаси мамлакатимиздаги энг йирик текстиль корхоналаридан биридир. Шу вақтга қадар ушбу корхона 10 та ҳудудда ўз филиалини ишга туширган. “Деҳқонобод текстиль” корхонаси эса бу борада ўн иккинчиси бўлди.
Туркиялик мутахассиснинг қўшимча қилишича, айни вақтда корхонада ойига 170 минг донага яқин аёллар ва эркаклар футболкалари тайёрланмоқда. Уларнинг асосий қисми Европа давлатларига экспорт қилинаётган бўлса, қолгани ички бозорга йўналтириляпти. Бу фаолият ортидан эса 375 нафар кишининг доимий иш билан бандлиги таъминланган.
– Маҳсулотларимиз ҳозирча 6 та Европа давлатига экспорт қилинмоқда, – дейди “Деҳқонобод текстиль” корхонаси бош технологи Нежме Дегермани. – Маҳсулотнинг 80 фоиздан ортиқ қисми экспортга жўнатилади. Келгусида фаолиятни янада кенгайтириб, иш ўринларини кўпайтириш режа қилинган. Шу мақсадда яна 175 нафар чевар учун тикув машиналарини олиб келиб ўрнатдик. Ишчиларни қабул қиляпмиз. Уларни бир неча ой шу ернинг ўзида ўқитиб, тайёрлаб оламиз. Мақсад – сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш.
[gallery-14177]
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 21-22 апрель кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига қўмитанинг бюджетдан ташқари ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳомийлик асосида Қашқадарё вилояти Қамаши тумани “Бердоли” МФЙ ҳудудида 330 ўринли мактаб, 100 ўринли мактабгача таълим ташкилоти, маҳалла гузари, кутубхона, спорт майдончаси қуриш ва жиҳозлаш топшириғи берилган эди.
Мазкур топшириқ ижроси доирасида жорий йилда Бердоли маҳалласида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Замонавий мактаб ва боғча, маҳалла гузари қуриб битказилди. Ички йўлларга асфальт ётқизилди.
Қарийб 13 миллиард сўмга яқин маблағ эвазига барпо этилган мактабда ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун барча қулайлик яратилган. Хусусан, кенг ва ёруғ синфхоналар, спорт зали, замонавий ошхона, мажлислар зали, стадион, волейбол ва бошқа спорт ўйингоҳлари ўқувчилар ихтиёрига топширилди.
– Мана шундай кенг ва ёруғ, замонавий мактабда сифатли таълим олиш бизнинг орзуимиз эди, – дейди 11-синф ўқувчиси Муниса Боқиева. – Юртбошимизнинг келажак авлодни ўйлаб, барча шарт-шароитни яратиб бераётганидан бағоятда миннатдормиз. Албатта, биз ёшлар ҳам яратилган бу имкониятларга муносиб жавоб бериб, келгусида етук кадр бўлиб етишишга, жамиятимизнинг қайси бўғинида бўлмайлик, юртимиз тараққиётига астойдил ҳисса қўшишга ваъда берамиз.
Ҳудуддаги болажонлар йиллар давомида мактабгача таълимни олишда муаммоларга дуч келаётган эди. Эндиликда уларнинг бу орзулари ҳам ушалди.
10 миллиард сўмга яқин маблағ эвазига қурилган 30-сонли 120 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти бердолилик болажонларнинг сифатли таълим-тарбия олишига хизмат қилади.
– Президентимизнинг берган топшириқларига биноан Қамаши тумани Бердоли маҳалласида 330 ўринли мактаб, 120 ўринли мактабгача таълим ташкилоти ҳамда маҳаллага янги бино қуриб берилди, – дейди Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Жабборов. – Мана бугун учала янги объект ҳам тўлиқ жиҳозланган ҳолда маҳалла аҳолисига топширилди. Бундан ташқари, мана шу қурилган объектларга олиб келадиган маҳалладаги ички йўлларга асфалт ётқизиш ишлари ҳам бажарилди. Албатта, мана шундай чекка ҳудудларда бундай замонавий муассасаларни қуриш давлатимиз раҳбарининг таълим ва бошқа соҳаларда олиб бораётган ислоҳотларининг меваси, деб ўйлайман. Умид қиламизки, ушбу таълим муассасаларидан иқтидорли, етук, юртимиз равнақига ҳисса қўшадиган ўғил-қизлар етишиб чиқади.
Янги маҳалла гузари қишлоқ аҳолисининг кўп йиллик орзуларининг рўёбига айланди. Гузарда замонавий кутубхона, IT маркази, “Гўзаллик салони” мавжуд. МФЙ раиси, хотин-қизлар фаоли, ҳоким ёрдамчиси ва участка инспекторлари учун алоҳида-алоҳида хоналар ажратиб берилган бўлиб, тўлиқ замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Ушбу мақсадларга 3 миллиард сўмга яқин маблағ йўналтирилди.
– Маҳалламизда бўлаётган бунёдкорлик, ободончилик ишлари нафақат ёшларда, балки биз кексаларда ҳам фахр туйғусини уйғотмоқда, – дейди Ашурқул бобо Абраев. – Набираларим 5 километрдан зиёд масофани пиёда босиб ўтиб, қўшни қишлоқдаги мактабга қатнарди. Ёғин-сочинли кунларда кўчалар лой, чанг-тўзон. Маҳалламиз идораси ҳам эски пастқам бинода жойлашган эди. Мана кўрингки, қисқа фурсатда маҳалламизни танимай қолдик. Равон йўллар, замонавий мактаб ва боғча, обод ва шинам маҳалла гузари – барча-барчаси ҳайратланарли. Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар аҳолимизни мамнун қилмоқда, хурсандчилигимиз чексиз. Биз кексаларнинг қўллари доим дуода. Юртимизнинг тинчлигига, ҳурлигига ва тараққиётига кўз тегмасин.
Савоб ишни қилсанг, охиригача қил деганларидек, ҳомийлар ушбу янги қурилган биноларга келиб-кетувчиларга қулайлик бўлиши учун маҳалладаги 33 километр ички йўлларни ҳам таъмирлаб, асфальт ётқизиб беришибди.
Бугун бу каби бунёдкорлик ишлари юртимизнинг ҳар бир гўшасида амалга оширилмоқда. Бу мамлакатимизда инсон манфаатларини кўзлаб олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг самарасидир.
Давлат хизматлари марказининг очилиши кўкдалаликлар учун муҳим воқеа бўлди. Эндиликда ушбу марказ орқали фуқаролар 250 дан ортиқ давлат хизматидан фойдаланади.
180 минг нафардан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатадиган Кўкдала туман давлат хизматлари маркази барча шароитларга эга.
Хусусан, марказда 12 та давлат хизмати кўрсатиш учун қабул ойнасидан ташқари, электрон навбат кутиш манзили, 4 та монитор, тўлов амалга ошириш учун касса, болалар майдончаси, китоб жавони, мажлислар хонаси мижозлар хизматида. Шунингдек, адлия хизмати кўрсатиш учун алоҳида ҳудуд ва архив маълумотлари сақлаш хоналари мавжуд. Мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида марказга ташриф буюрувчиларнинг фарзандлари учун ажойиб болалар майдончаси ташкил қилинган.
Бу барча ташриф буюрувчиларнинг келиб чиқиши ёки шароитларидан қатъий назар, керакли хизматлардан бир хил даражада фойдаланиш имконини беради. Шунингдек, марказда имконияти чекланган фуқаролар учун қулай шароитлар яратилган. Қарийб 6,5 миллиард сўмга яқин маблағ эвазига барпо этилган мазкур бино икки қаватдан иборат бўлиб, замонавийлик ва миллийлик уйғунлашган ҳолда қурилган.
Кўкдала тумани адлия бўлими давлат хизматлари марказининг қурилиш ишлари якунлангандан сўнг, туман давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан Кўкдала аҳлига биринчи кундан давлат хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилди.
Марказ биносида фуқароларга давлат хизматлари кўрсатиш учун 12 та давлат хизматлари маркази операторлари ташкил этилган. Фуқаролар тўловларни амалга оширишлари учун пайнет шохобчаси ҳам фаолият кўрсатмоқда. Марказ фуқароларнинг навбат асосида давлат хизматларидан фойдаланиши учун автоматик электрон навбат жиҳозлари билан таъминланган. Шунингдек, марказга ташриф буюрувчиларнинг навбат кутиш даврида вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида 4 та теле-мониторлар ўрнатилган бўлиб, ушбу мониторларда классик мусиқалар, қонунчиликдаги янгиликлар ҳамда шартнома асосида тадбиркорларнинг фаолияти ҳақида реклама роликлари намойиш этилмоқда.
Туман аҳолисига яна бир қулайлик яратиш ҳамда давлат хизматларидан фойдаланиш билан бир қаторда ушбу марказ биносида адлия бўлими, юридик хизмат кўрсатиш маркази, фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш бўлимлари ҳамда нотариус фаолият кўрсатмоқда.
Бу билан фуқароларнинг ҳуқуқий масалалардаги мавжуд муаммоларини бир бинонинг ўзида ҳал этишга замин яратилди. Шу куни янги туманда яна кўплаб ижтимоий соҳа объектлари тантанали равишда очилди ва фаолият бошлади. Хусусан, 5 мингдан зиёд китоб фонди ва барча қулайликка эга замонавий кутубхона, туман солиқ идораси, кадастр биноси, муҳташам спорт саройи фаолият бошлади.
Кун сайин чирой очиб бораётган Кўкдала тумани аҳли ҳудудда амалга оширилаётган бу каби бунёдкорлик ишларидан мамнун.
– Ҳақиқатдан туманимизга бир йил аввал келган киши бугунги қиёфасини танимайди. Боиси ўтган бир йил ичида катта ўзгаришлар юз берди, – дейди фахрий Жумақул Бекмирзаев. – Кўкдаланинг бу кўринишини тасаввур ҳам қилиб бўлмасди. Президентимиз Кўкдала туманини ташкил қилиб бергандан кейин ўзгариш шунчалик кўп бўлдики, ҳайрон қоласиз. Қурилаётган иморатларни қаранг, обод йўлларни қаранг, маъмурий бинолар, янги мактаб ва боғчаларни қаранг, барча-барчаси ажойиб. Ҳаммаси аҳолининг манфаатини ўйлаб амалга оширилмоқда. Илгари биргина давлат хизматларидан фойдаланиш учун ҳам 80-90 километр масофа босардик. Бугун эса барча хизматлар шундоққина олдимизда.
Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани солиқ инспекцияси биноси бир йил ичида “Ренессанс проект” МЧЖ томонидан замонавий кўринишда қуриб битказилди.
Жами 5,1 миллиард сўм маблағ эвазига қуриб фойдаланишга топширилган бинода солиқ тўловчилар учун барча шароит яратилган. Уларга солиқ инспекциясининг 30 нафар малакали ходими хизмат кўрсатади.
– Сўнгги йилларда солиқ идоралари тадбиркорга кўмакчи тамойили асосида фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг фаолиятига маслаҳатчи сифатида ёрдам бериб келмоқда, – дейди Кўкдала тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Фахриддин Муҳаммадиев. – Янги бинода солиқчиларнинг самарали ишлаши учун барча шароит яратилган.
Кўкдала туманида барпо этилаётган маъмурий бино ва иншоотлар ҳудуд чиройига чирой қўшмоқда.
Жумладан, Давлат кадастрлари палатасининг Кўкдала тумани филиали замонавий бинода фаолият бошлагани ҳам туман аҳли учун қувонарли воқеа бўлди.
Таъкидлаш лозимки, замонавий лойиҳалар асосида бунёд этилган мазкур бино 2 қаватдан иборат бўлиб, жами 15 та хона, шундан 1 та мажлислар зали, 1 та архив хонаси ва 1 та фуқароларни қабул қилиш хонаси мавжуд ва уларнинг барчаси замонавий мебеллар билан жиҳозланган.
Маълумот учун: Давлат кадастрлари палатасининг Кўкдала тумани филиали 180 минг нафардан ортиқ туман аҳолисига хизмат кўрсатади.
Ўтган йиллар давомида вилоятнинг Яккабоғ, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари, Шаҳрисабз тумани ва Касби туманида замонавий кадастр бинолари қад ростлади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари