Ислоҳотлар натижадорлиги ўрганилмоқда
Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги билан танишиш мақсадида Навоий вилоятига ташриф буюрган Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Навбаҳор туманида бир қатор тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари билан учрашди.
“Яшил орол” балиқчилик хўжалиги 2022 йилда ташкил этилган. Мазкур хўжаликда йил давомида 2 маротаба ҳосил олиш имконини берувчи супер интенсив усулда сазан ва оқ дўнгпешона балиқлари етиштирилади. Хўжаликдаги сув ҳавзасидан дастлаб йилига бир марта ҳосил олинган бўлса, айни пайтда ишнинг кўзини билган мутахассислар ёрдамида йилига икки марта балиқ етиштириш йўлга қўйилди. Натижада йилига ўртача 300-350 тонна балиқ етиштирилмоқда.

– Хўжалигимизда 16 гектар майдонда балиқ кўллари ташкил этилган бўлиб, 8 та янги иш ўрни яратилган, – дейди балиқчилик хўжалиги директори Маъруфжон Каримов. – Ҳар бир кўлда аэротерлар мавжуд бўлиб, сувни кислород билан таъминлайди. Балиқчилик хўжалигимизда қуёш панеллари ўрнатилган бўлиб, электр энергиясига эҳтиёж йўқ. 6 гектарлик майдонимизга 80 кВт/соат, 10 гектарлик майдонимизга эса 160 кВт/соат қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилган. Жорий йилда балиқ уруғчилигини ривожлантириш бўйича ишларимизни бошлаб юборганмиз. Бозордаги талабни пухта ўрганиб, Вьетнам ва Голландиядан балиқ чавоқларини келтириб, кўпайтириш ниятидамиз.

Вазир “Brain” савдо белгиси остида фаолият олиб бораётган “Biotech Research and Innovation” МЧЖ илмий-ишлаб чиқариш комплексида бўлди.

Мажмуада илон ва чаёнсимонлар оиласига мансуб жониворлар етиштирилиб, уларнинг яшаш тарзи устида тадқиқот ва ўрганиш ишлари олиб борилади. Ходимлар турли хил фармацевтик ва косметологик воситалар тайёрлаш, уларнинг заҳри асосидаги препаратларни сертификатлаш ва бошқа бир қатор илмий ҳамда ишлаб чиқариш жараёнлари билан шуғулланади.

Айни пайтда бу ерда Ўзбекистон Миллий университетининг етакчи мутахассислари ва зоолог олимлари билан ҳамкорликда стартап лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Келгусида боқилаётган илонларнинг заҳари олиниб, қайта ишланади ва чорва моллари учун вакциналар ишлаб чиқариш йўлга қўйиш режалаштирилган.

Пахтакор маҳалласида истиқомат қилувчи Азиз Тўрақулов эса хонадонда бедана ва курка боқади. Хонадон эгаси 33 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, ушбу лойиҳани йўлга қўйган. Айни пайтда 4 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган.
Учрашувларда Вазир амалга оширилиши лозим бўлган ишларни жадаллаштириш бўйича ўз тавсия ва кўрсатмаларини берди.
Вазир томонидан ўрганиш ишлари давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири