Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси Музработ туманидаги Кампиртепа ёдгорлигига инфо тур ташкил этди.
Кампиртепа (Искандар Мақдуний қальаси) милоддан аввалги 4 аср охирида асос солинган қадимий шаҳар ҳаробаси бўлиб, у Амударёнинг ўнг соҳилида Шуроб қишлоғидан 1,5 километр масофада жойлашган. Бу шаҳар Кушон подшолиги даври яъни, 1-2 асрларда гуллаб яшнаган. Ҳунармандчилик ва савдо ривожланган.
Шимолий Бақтрия ҳудудидаги қизиқарли ёдгорликлардан бири бўлган Окс (Амударё) бўйидаги Кампиртепа 1972 йил археологик рекогносцировка вақтида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги Э.Ртвеладзе томонидан очилиб, ҳозиргача ўрганиб келинмоқда. Узоқ йиллик изланишлар натижасида Кампиртепанинг йўқотилган Окс Александрияси, экани маълум бўлди.
Узоқ йиллар давомида дунё олимларини қадимги Грек тарихчиси ва географи Птолемей асарларида тилга олинган Окс Искандарияси эски Термизда, Афғонистондаги Ой-хонимда ёки Кампиртепадами, деган савол ўйга толтириб, турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган эди.
Ўтган йилнинг август ойида мамлакатимизда ўтказилган “Ўзбекистон–буюк йўллар ва цивилизациялар чоррахаси: империя, дин, маданият” мероси ҳафталиги доирасида Термиз шаҳрида ташкил этилган “Ўзбекистон цивилизациялар чорраҳаси” номли халқаро археологик форумда эллинистик маданиятнинг Марказий Осиёдаги ғаройиб ёдгорлиги бўлмиш Окс Искандарияси Сурхондарё вилояти ҳудудида топилгани эълон қилинган эди. Ўшанда дунёнинг турли давлатларидан анжуманга келган машҳур олим ва қадимшунослар, музейлар ва илмий институтлар раҳбарлари Кампиртепада бўлиб, ноёб археологик обида билан яқиндан танишди. Қадимги ҳарбий қальанинг ўтмишдан сақланиб қолган қолдиқларини кўздан кечирди.
Академик Э.Ртвеладзе 1990—2000 йилларда ёдгорликнинг шарқий қисмида реставрация ишларини олиб борган. Ёдгорликнинг кириш қисмида рамзий девор барпо этилган. Реставрация ва реконструкция ишлари, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси молиявий кўмаги билан амалга оширилган.
Сайёрамиз археологлари ва сайёҳларда катта қизиқиш ўйғотаётган Кампиртепа икки яъни, қалъа ва ундан ғарб ҳамда шарқ томонда жойлашган, атрофи девор билан ўралмаган қисмдан иборат бўлган. Ғарбдан шарққа томон умумий узунлиги 750 метр, шимолдан жанубга 200–250 метрни ташкил этади.
Вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари, ёш археолог Зебунисо Алимарданова инфо тур иштирокчиларини қадимий археологик ёдгорлик билан яқиндан таништириб, унинг тарихи, ўтмишдаги аҳамияти ҳамда жаҳон тамаддунида тутган ўрни ҳақида атрофлича маълумот берди. Ўтган йилларда олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари ҳамда уни сақлаб қолиш, асраб-авайлаб, келгуси авлодларга етказиш юзасидан келгусида амалга ошириладиган тадбирлар тўғрисида фикр алмашди.
Тўрт гектар майдонда жойлашган қалъа арк ва турар–жойлардан ташкил топган,–дейди З.Алимарданова.– Унинг атрофи қалинлиги 5 метр келадиган мустаҳкам мудофаа девори билан ўраб олинган. Деворга ички йўлаклар қилинган. Бурчакларида миноралар ўрнатилган бўлиб, хандақ билан ўралган. Арк қалъанинг марказий қисмида жойлашган. Жанубий томондан унинг бир кисмини сув ювиб кетган. Аркнинг майдони – 1,3 гектар бўлиб, жанубий-шарқий бурчагига дарвоза ўрнатилган. Арк хом ғиштдан қалинлиги 5 метрга яқин девор билан қуршалган. Девор атрофи кенглиги 10 метрлик хандақ билан ўраб олинган. Аркнинг ички қисмида турли мақсадлар учун мўлжалланган хоналар жойлашиб, улар ўзаро йўлаклар билан боғланган 4 та йирик блокни ташкил этади. Кампиртепанинг мустаҳкамланмаган қисмида асосан, дафн иншоотлари мавжуд бўлган. Бу ердан археологлар иккита йирик дафн иншоотини топган. Улар бир-биридан йўлаклар орқали ажратилган.
Кампиртепанинг мана шу дафн иншоотлари қисмидан тарҳи айлана шаклда бўлган хумдон топилган. Бу ердаги ҳаёт учта асосий даврга бўлинади: Биринчиси – милоддан аввалги 3—2-асрларга тўғри келиб, Кампиртепанинг жанубий қисмида, бўлажак арк ўрнида қалъа шаклланган. Юнон-Бақтрия подшолиги даврига оид турар-жойларнинг катта қисмини Амударё суви ювиб кетган. Иккинчи давр–милоддан аввалги 2 — 1-асрларда арк ўрнида ҳаёт қисман жонлана бошлаган. Учинчи давр яъни, милоддан аввалги 1—2 асрларда Кампиртепанинг юксалган даври бўлиб, мустаҳкам қалъа бунёд этилиши, унинг тизими шаклланиши билан боғлиқдир. Қазиш ишлари чоғида Кампиртепадан кўплаб сопол идишлар, безак буюмлари, ҳайкалчалар, танга ва бошқа асори-атиқалар топилган.
Мамлакатимизда кейинги йилларда туризмни янада ривожлантириб, бой тарихимиз ва ноёб ёдгорликларни дунёга кенг тарғиб қилишга қаратилаётган алоҳида эътибор Кампиртепа атрофини ободонлаштириб, қулай инфратузилма барпо этишга кенг имконият яратди.
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 27 майдаги “Сурхондарё вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида қальада туризм марказини ташкил этиш, унга олиб борувчи йўлларни тубдан таъмирлаб, йўл кўрсаткичлар ўрнатиш, санитар-гигеник шоҳобчалар, тунги ёритгич чироқлари билан таъминлаш каби муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Инфотурда журналистлар ноёб қальа билан яқиндан танишди. Ўтмишдаги бой тарихимиз ва бир замонлар ишончли истеҳком вазифасини бажарган қальанинг ноёб архитектура ечимлари хусусида маълумотга эга бўлди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА