Иштихонлик ноинсоф “тадбиркор” фош бўлди
Бутун дунёни қамраб олган коронавирус инфекцияси 15 март куни юртимизда ҳам қайд этилгач, аҳоли ваҳима ва таҳликага тушиб, биринчи навбатда озиқ-овқат маҳсулотларини жамғаришга тушди.
Бутун дунёни қамраб олган коронавирус инфекцияси 15 март куни юртимизда ҳам қайд этилгач, аҳоли ваҳима ва таҳликага тушиб, биринчи навбатда озиқ-овқат маҳсулотларини жамғаришга тушди. Натижада ўша куннинг ўзида бозор ва савдо дўконларида ортиқча тирбандлик, маҳсулотларга кўпроқ эҳтиёж кузатилди.
Бундай ҳолатларга чек қўйиш учун ҳукумат, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан тезкор чоралар кўрилди.
Жумладан, Самарқанд вилояти иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ва вилоят давлат солиқ хизмати органлари ходимлари нархларнинг асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш, бозорларни эҳтиёж юқори бўлган маҳсулотлар билан тўлдириш чораларини кўрмоқда. Ҳар бир бозор ва йирик супермаркетларга солиқ ва бошқа идоралардан масъуллар бириктирилди.
Вилоят ҳокимлиги эса вилоятдаги барча бозорларда Наврўз байрами олдидан қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотларининг арзонлаштирилган ярмаркасини ташкил этди.
– Бугунги кунда Самарқанд шаҳридаги барча бозорларда ташкил этилган ярмаркаларда бозордагидан қарийб икки баробар арзон нархда маҳсулотлар сотуви йўлга қўйилди, – дейди Самарқанд вилояти бозорлар уюшмаси раҳбари Тоҳир Мамадалиев. – Ярмаркага асосан, картошка, пиёз, сабзи, карам, гуруч, гўшт, ун, ёғ каби кундалик истеъмол учун зарур озиқ-овқат маҳсулотлари чиқарилмоқда. Айни пайтда бозорларимизда нарх барқарорлиги таъминланди. Маҳсулот етарли даражада захира қилинган ва савдо нуқталарида тақчиллик юзага келмайди.
Сиёб деҳқон бозорида “Сиёб савдо тайёрлов” корхонаси, Булунғур, Самарқанд, Ургут туманларидаги фермер хўжаликлари томонидан 10 тоннага яқин гуруч, гўшт, картошка, сабзи, пиёз, карам, дуккакли маҳсулотлар ва бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари келтириб, арзон нархларда сотилаётганига гувоҳ бўлдик.
Худди шундай Дамариқ деҳқон бозорида Пайариқ, Иштихон, Нуробод туманлари, Темир йўл деҳқон бозорида эса Оқдарё, Тойлоқ ва Пастдарғом туманлари фермер хўжаликлари томонидан арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркаси ташкил этилган. Барча бозорларда кунига камига беш тоннадан ун маҳсулотлари келтирилиб, бир қопи 130-135 минг сўмдан сотилмоқда.
Бироқ ушбу вазиятдан ўз манфаати йўлида фойдаланишга уринмоқчи бўлаётган нафс бандалари ҳам учрамоқда.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, 17 март куни Иштихон тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан тумандаги деҳқон бозорида ўтказилган назорат тадбирида фуқаро Э.Т. тегишли ҳужжатларсиз озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилаётгани ва нархларни асоссиз оширгани аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда баённома расмийлаштирилиб, 7 хил турдаги маҳсулотлар далилий ашё сифатида олиб қўйилган.