Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг навбатдаги мажлисида “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Мазкур қонунда бандликни рағбатлантириш ва аҳолини тадбиркорликка жалб этиш учун вазирлик ва идораларнинг маблағлари ҳисобидан кўрсатилаётган молиявий ёрдамлар, яъни субсидиялар уларнинг мақсадли жамғармалари ҳисобидан амалга оширилиши назарда тутилиб, ссуда ажратиш ёки рад этишнинг асослари белгилаб қўйилмоқда.
Қонун билан иш берувчининг бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларининг электрон шаклда юбориш шартлари берилаётгани таъкидланди.
Қонунда иш ва иш ҳақи (меҳнат даромади)дан маҳрум бўлган шахсларга ишсизлик нафақаси миқдорини белгилаш шартларига аниқлик киритилиб, ишсизлик нафақасини тўлашни тугатиш ва тўхтатиб туриш тартиблари такомиллаштирилмоқда.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши ишга жойлаштириш бўйича аҳолига кўрсатилаётган хизматлар самарадорлигини оширади.
Мажлисда Тошкент шаҳрида тадбиркорликни ривожлантириш ва экологик вазиятни яхшилаш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳолатини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Жумладан, Тошкент шаҳрида 2024 йил 1 апрель ҳолатига фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари сони 135,1 мингтага етган, 2023 йилнинг январь-март ойларида 4 минг 189 янги кичик корхона ва микрофирмалар ташкил этилган.
Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 2024 йилнинг ўтган 4 ойида 16 мингдан ортиқ лойиҳага 402 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилган.
Экологик вазиятни яхшилаш юзасидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси баҳорги кўчат экиш мавсуми доирасида Тошкент шаҳрида 690 мингта манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари ҳамда қаламчалари экилиб, режа 115 фоизга бажарилган.
Шу билан бирга, мажлисда тадбиркорликни ривожлантириш ва экологик вазиятни яхшилаш борасида мавжуд муаммоларга эътибор қаратилди.
Хусусан, 2023 йил якуни билан 327 корхона 10,2 триллион сўмлик зарар билан якунлагани, саноат зоналарида ташкил қилинган тадбиркорларнинг тўлиқ ва узлуксиз фаолият олиб бориш учун муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси яратилмагани, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш бўйича мавжуд имкониятлардан фойдаланилмагани масъул раҳбарларга кўрсатиб ўтилди.
Дарахтларнинг ноқонуний кесилиши орқали табиатга зарар етказилгани, “Яшил белбоғ”, “Яшил боғ”, “Ҳокимлик боғлари” ва “Яшил жамоат парклари”ни ташкил этиш ишларни янада жадаллаштириш кераклиги, атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторингини олиб борувчи кузатув пунктларини онлайн тартибда ахборот олиш имконини берадиган автоматик ўлчов асбоблари билан жиҳозлаш ишларини охирига етказиш зарурлиги қайд этилди.
Н.Абдураимова, ЎзА