Ишсизлик масаласи ҳоким назоратида
Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги Ёшлар боғида асбоб-ускуналар кўргазмаси ва меҳнат ярмаркаси ўтказилди.
Тадбирда Қоракўл тумани ҳокими Хуршид Тоҳиров аҳоли билан суҳбатлашди. Мамлакатимизда йилдан йилга тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланишни бошлаган оилаларга кенг имкониятлар бериш, қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар шунингдек, сўнги йилларда туманда яратилаётган иш ўринлари ҳақида гапирди.

Фуқароларнинг оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар олиш тартиби билан боғлиқ кўплаб саволларига мутахассислар томонидан жавоб берилди. Меҳнат ярмаркасида тумандаги ўттиздан ортиқ корхона ва ташкилотлар ўзларидаги 951 та бўш иш ўринлари билан қатнашди. Ярмаркага ташриф буюрган ишсиз фуқароларнинг 67 нафари Бухоро шаҳрида жойлашган ARTEL маиший техника ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда 127 нафари “Қоракўл” эркин иқтисодий зонасидаги МТО газ-кимё мажмуасининг қурилишида ишлаш учун Enter Engineering компанияси билан тегишли тартибда шартнома имзолади. Булардан ташқари, 17 нафар хотин-қизлар “Ekvatorial Chodak” корхонасининг Қоракўл филиалига, яна 3 нафар фуқаро тумандаги бюджет корхоналарига ишга жойлаштирилди. Шунингдек, 13 нафар ишсиз фуқароларга қайта касбга ўқитишга йўлланмалар берилган бўлса, 37 нафарига меҳнат қонунчилиги ва ҳуқуқига доир маслаҳатлар берилди.

– Жорий йил бошидан 1025 нафар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 22 миллиард сўмлик имтиёзли кредит ажратилди, – дейди туман ҳокими Хуршид Тоҳиров. – Бундан кейин ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни кучайтириш, оилавий тадбиркорликка янада туртки бериш орқали аҳолининг барқарор ва қўшимча даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири