“Ишсизлар кўпайишига ҳисса қўшманг!”
Айни пайтда махсус ажратилган офисларда туну кун фаолият кўрсатувчи «Call-centr» ишлаяпти.
Мамлакатимизда охирги бир ҳафтада 5 мингдан ортиқ янги касал аниқланиб, жами вирус юқтирганлар сони 27 мингтага яқинлашди. Энг ёмони, коронавирусга қўшимча тарзда, асорати оғирроқ бўлган пневмония ҳолатлари ҳам кўпаймоқда. Ушбу ҳолатни инобатга олиб, юртимизда қўшимча чоралар кўрилди. Жумладан, охирги 20 кунда коронавирусни даволаш ўринлари 3,5 баробарга кўпайтирилди ва қарийб 65 мингтага етказилди...
Кеча Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ана шу масалалар муҳокама қилинди. “Янги Ўзбекистон” газетасида эълон қилинган “Пандемияни жиловлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимида адолатни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди” сарлавҳали материал мазкур йиғилиш тафсилотларига бағишланган. Унда қайд этилишича, жойларга қўшимча равишда қарийб 800 та тез тиббий ёрдам машинаси етказиб берилди. Қўшимча 4 мингта нафас бериш ускунаси (ЎСВ, портатив сунъий нафас бериш аппарати, кислород концентратори) олиб келиниб, уларнинг сони 6,5 мингтага етди...
“Халқ сўзи” газетасида Тошкент давлат иқтисодиёт университети олимлари — Шерзод Мустафоқулов ва Мансур Султоновнинг “Кредит-модуль тизимига ўтиш нима учун керак? Мақсад, моҳият ва афзаллик” сарлавҳали мақоласи чоп этилган. Материалда айтилишича, кредит-модуль тизими, бу — таълимни ташкил этиш жараёни бўлиб, унда иккита асосий масалага аҳамият берилади: талабаларнинг мустақил ишлашини таъминлаш, талабалар билимини рейтинг асосида баҳолаш. Муаллиф талабага кредит маълум бир фандан белгиланган топшириқларни бажариб, якуний имтиҳондан муваффақиятли ўтгандан сўнг берилиши, ҳар бир талаба келажакда танлаган йўналиши ва мутахассислиги бўйича дипломга эга бўлиши учун кредитларни йиғиб бориши лозимлиги, тўпланган кредит талабага бутун умр давомида ўзининг малакасини ошириб бориш ёки қўшимча олий маълумот олишига хизмат қилиб боравериши, иқтисодий тилда айтганда, тўпланган кредит талабанинг академик “активи”га айланиб боришини қайд этади.
“Маърифат” газетасида берилган “Ишсизлар кўпайишига ҳисса қўшманг! Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидовга очиқ хат” сарлавҳали материалда ёзилишича, Қизилтепа туманидаги 26-мактаб жойлашган ҳудудда енгил саноат касб-ҳунар коллежи бор. Ўқувчилар шу коллежга мажбуран ҳужжат топширмоқда. Улар келажакда ўқийдиган йўналишларида иш топа оладиларми? Бу савол ҳеч кимни қизиқтирмайди. Масалан, “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш лаборанти йўналишида ўқиётган ўқувчи қаерда, қачон, қандай амалиёт ўтайди? Айтайлик, шу гуруҳда 30 нафар ўқувчи ўқийди. Ҳудудда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш омбори йўқ. Бўлганда ҳам, у ерда 30 ишчи ишлайдими? Бу йўналишга ҳудудимизда талаб йўқ”, дейди муаллиф. Чортоқ туманилик ўқитувчи Қобилжон Қосимовнинг “20 минутлик дарс” номли мақоласида эса муаллиф пандемия шароитида таълим узлуксизлигини таъминлаш учун 2 та муҳим таклифни билдирган. Биринчиси – мактабларда таълим жараёнини бошлаш, аммо дарсларни 20 дақиқадан жорий этиш. Иккинчиси – “Уй электрон мактаби”ни ташкил этиш. Мақолада интернетсиз, телевидение ва ҳатто компьютер ёрдамисиз ҳам уйда туриб таълим олиш мумкинлиги асослаб берилган.
“Milliy tiklanish” газетасида босилган “Хизмат — беминнат”дан “Шифокорга мадад”гача” сарлавҳали мақолада Олмазор туманида ЎзМТДП депутатлари Феруза Каримов ва Нодира Шариповалар томонидан “Шифокорга мадад” кўнгилли ёшлар ҳаракати йўлга қўйилгани хайрли ишлардан бири сифатида баҳоланган. Чунки пандемия шароитида аҳолидан тиббий хизмат кўрсатиш юзасидан шунчалик кўп мурожаатлар тушмоқдаки, бу соғлиқни сақлаш тизими барча мурожаатларни қамраб ололмаётганини кўрсатади. Материалда таъкидланишча, дастлаб Олмазор туманида синов тариқасида старт олган кўнгиллилар ҳаракати, бугунга келиб Тошкент шаҳри бўйлаб кенг ёйилмоқда. Айни пайтда махсус ажратилган офисларда туну кун фаолият кўрсатувчи «Call-centr» ишлаяпти. 50 дан ортиқ кўнгиллиларни бирлаштирган 8 та мобиль гуруҳ орасида эса тиббиёт ходимлари, талабалар билан бирга психологлар, ҳайдовчилар, техник ходимлар, ҳатто ошпазлар ҳам бор. Ушбу ҳаракат беморларга дастлабки тиббий ёрдам кўрсатиш, дори-дармон, тиббий жиҳозлар ва озиқ-оқат етказиб бериш, уларни руҳий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил қилинди. Ҳар бир гуруҳ кунига ўртача 20 та хонадонга хизмат кўрсатяпти. Сўнгги 3 кунда 146 нафар кексалар ҳолидан хабар олинди, 75 нафар кишига тиббий ёрдам кўрсатилди, 150 та оилага тиббиёт воситалари, 273 оилага эса озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди...
“Овози тожик” газетасида чоп этилган Зоҳир Ҳасанзоданинг “Мусиқа илмининг ҳақиқий устаси эди” деб номли мақоласида шашмақом устаси Ҳожи Абдулазиз Абдурасуловнинг Самарқанд шаҳридаги уй-музейи ҳақида сўз юритилган. Муаллифнинг қайд этишича, мазкур маскан бугунги кунда санъат аҳлининг зиёратгоҳ манзилига айланган...
***
Янги рукн ва бугунги шарҳ ҳақидаги фикр, таклиф ва истакларингизни pochta@uza.uz манзилида кутиб қоламиз.