Ишсиз фуқаролар касб-ҳунарга ўргатилмоқда
Фарғона вилоятида аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнатга лаёқатли фуқароларнинг меҳнат қилиш ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш устувор вазифага айланган. Давлатимиз раҳбарининг 11 августда қабул қилинган “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этади.
-Пандемия даврида хорижда иш берувчилар билан видеоконференц алоқа орқали мулоқот қилиш амалиёти йўлга қўйилди, -дейди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вилоят филиали директори Отабек Атабоев. -Шу кунга қадар Россия Федерацияси Москва вилоятида фаолият кўрсатаётган “Пик-индустрия” масъулияти чекланган жамияти мутахассислари суҳбатидан ўтган 210 нафар фуқаролар аниқ иш ҳақи ва кафолатланган ижтимоий ҳимоя асосида ишга жўнатилди.
Шунингдек, “Росдорстрой” масъулияти чекланган жамияти билан келишувларга кўра 300 нафарга яқин бульдозерчи, кранчи ва самосвал ҳайдовчилари бўйича вакансияларга буюртмалар беришди. “Вологодское мороженное” корхонаси 30 нафар, “Вологодский подшипниковый завод” 150 нафар фуқароларимизни ётоқхона билан таъминланган ҳолда касб-ҳунарга ўқитиб, кейинчалик иш билан таъминлаш таклифини билдирган. Бу каби амалий таклифлар кўп. Айни кунда Фарғона шаҳридаги мономарказ биносида вақтинчалик меҳнат миграциясига кетаётган, рус тилини ўрганиш истагида бўлганлар учун ўқув машғулотлари ўтказиш йўлга қўйилган. Машғулотлар Россия халқлар дўстлиги университети тест маркази мутахассислари томонидан ўтказилиб, ўқув курсини битирганларга сертификатлар берилади.
Бугунги кунда камбағал ва ишсиз фуқароларни замонавий касб-ҳунар, тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, доимий даромад келтирадиган меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
-Фарғона саноат касб-ҳунар коллежи негизида ишсиз аҳолига хизмат кўрсатувчи “Ишга марҳамат” мономаркази ташкил этилди, -дейди вилоят Бандлик бош бошқармаси бошлиғи Баҳодир Ҳомидов. - Бу ерда 16 та касб ва хорижий тилларга ўқитиш орқали маҳаллий ҳамда хорижий иш берувчиларнинг талаб-ларига мос малакали мутахассислар тайёрланади. Бундан ташқари, Фарғона тумани компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежида 8 та касб ва хорижий тилларни ўргатишга ихтисослашган “Касб-ҳунарга ўқитиш маркази” фойдаланишга топширилди. Бу ерда 500 нафардан ортиқ ишсиз фуқаролар касбга ўқитиш курсларига жалб этилган.
Айниқса, хотин-қизларни касб-ҳунар эгаллашига қулайликлар яратиш мақсадида вилоят ҳокимининг ташаббуси билан 11 та ҳудуддаги “Маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш маскани”ларига қўшимча тарзда яна 6 та жойда “Ишга марҳамат” мономарказлари филиаллар ташкил этилиб, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан керакли жиҳозлар етказиб берилди.
Айни кунда вилоятдаги 22 та касб-ҳунар мактаблари, 7 та техникум ва 5 та коллежлар ўқув базасида таълим жараёнига халақит бермаган ҳолда ишсиз фуқаролар ва меҳнат мигрантларини қисқа муддатли касб-ҳунарга ўргатиш курслари ташкил этилди. Бу йил давомида 15 мингга яқин ишсиз ва хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларни қисқа муддатли ўқув курсларига қамраб олиш ва касб эгаллашларига кўмаклашади. 2021 йилда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг Ўзбекистондаги офиси томонидан Фарғона шаҳрида “Касбий таълим маркази ташкил этиш” лойиҳаси амалга оширилади.
М. Сулаймонов, ЎзА