Ишончни оқлаш ҳамиша муҳим саналади
Шу йилнинг 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Фанлар Академияси Тарих институти катта илмий ходими Воҳид Холов йиғилишда кўтарилган масалалар ва мавзуга доир бошқа ҳолатлар юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Йиғилишда Президентимиз янги Ўзбекистоннинг иккита мустаҳкам устуни борлиги, биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт, иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият эканига алоҳида урғу бериб ўтдилар. Бунда таълим ва тарбияни кучайтириш, ёш авлоднинг дунёқараши кенгайтириш, мактаблар ҳолати, дарсликлар сифати ҳамда ўқитувчилар салоҳиятини яхшилаш, олий таълим сифатини ошириш устувор вазифалардан этиб кўрсатилди. Шунингдек, ёш авлоднинг маънавий дунёсини миллий руҳда шакллантириш учун тарих фанининг ҳам ўрни беқиёс эканлиги алоҳида таъкидланди.
Маълумки, тарих тажрибалар асосида шаклланиб, ўтмишни ўрганиб, келажакда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим режалар тузишда хизмат қиладиган энг муҳим фан соҳалардан бири саналади. Уни ўрганиш миллат онгини тарбиялаш, унинг мафкурасини юксалтириш, ғояларни шакллантириш ҳамда халқ бирдамлигини таъминлашда хизмат қилиш билан бирга, келгусида содир бўладиган ҳар қандай таҳдидларни олдиндан кўра олиш ва уларга қарши чора-тадбирлар ишлаб чиқиш иммунитетини шакллантиради.
Шундай экан, тарихни тўғри талқин қилган ҳолда уни аҳолига етказиш тарихчилар олдида турган вазифалардандир. Афсуски бу борада ҳам баъзи жиддий камчиликлар мавжуддир. Шундай камчиликларга эътибор қаратиб, давлатимиз раҳбари тарих фанида олиб борилаётган тадқиқотларда ҳануз эскича ёндашувлар, баёнчилик усули устунлиги, тарихий қонуниятлар очиб берилмаётганини таъкидлади.
Баёнчиликнинг устун бўлиши эса, тарихнинг аксарият ҳолларда нотўғри ёки бир томонлама талқин қилинишига олиб келади. Натижада, аҳоли орасида маҳаллий тарихчи олимлар ишларига қараганда хориж олимлари ишларига талаб ортиб бораверади. Чунончи, бирор миллат ўз тарихини ёзмас экан, ёза олмас экан, у бошқалар томонидан турлича талқинларда ёзилиб, миллатнинг ўзига қарши қурол сифатида ишлатилиши, уни жиловлаш ва ўз йўриғида юритиш учун муҳим қуролга айланади. Шундай экан, миллат ўзлигини юксалтириш, уни турли мафкуравий ва ғоявий хуружлардан муҳофаза қилишнинг энг осон йўли халққа ўз тарихини ўргатиш ва ундан ифтихор ҳисларини туйишни шакллантириш саналади.
Тажрибадан келиб чиқсак, мустамлака тузум даврида ватанимиз тарихини ёзиш ўз олимларимизнинг энг оғриқли нуқтаси саналган. Негаки метрополияда ёзиб берилган ёхуд қолипланган тарихдан четга чиқиш мумкин эмасди. Мустабид тузум мафкурасига қарши ёзилган тарихий ишлар ва асарлар кескин қораланган, муаллифлар эса, қаттиқ танқид қилинган. Буларнинг барчаси ўзбек халқининг ўзлигини англашига қарши қилинган ҳаракатлардан бири эди. Шу ўринда, миллатимиз куюнчаги академик Иброҳим Мўминовнинг илмий жасорати ва юксак ватанпарварлик фазилатининг ёрқин ифодасидан гувоҳлик берувчи хотиралар диққатга сазовордир.
“Иброҳим Мўминов Амир “Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли” асарини чоп эттиргандан кейин унга нисбатан тазйиқ ва зуғмлар кучайиб кетди. Бир гуруҳ “ватанпарвар” ва “зиёлилар”лар тил бириктириб, унга бўҳтонлар уюштиришга ҳаракат қилди. Бу эса, олимнинг кейинги фаолиятида салбий таъсир ўтказмай қолмади”. Бунинг ҳам асл сабаби тарихни ёзмак истаган жонкуяр ватанпарвар ва миллатпарварларнинг қалам ушлайдиган қўлларининг қайирилиши, китоб ўқийдиган кўзларининг тўсилиши замирида шаклланган бир ҳолат эди. Яъни ўтмишни ҳаққоний ёритиш имконидан маҳрум қилиниб, қолипланган тарих ёзиб берилганининг натижаси эди. Тарихни ёзиб берганлар эса, ўқувчи онгига Амир Темур ва темурийлар, умуман олган бутун тарихимизга оид салбий қарашларни тўлдириб ташлаган эдилар. Бу чандиқнинг натижаси мустақиллик йилларида ҳам ўз асоратини кўрсатиб келди. Хусусан, ёш авлод ва катта авлод қарашларидаги қарама-қаршиликлар, онги мустамлака тузум ғоялари билан суғорилган ўқитувчи ва баъзи мутахассислик вакилларининг ўтиш ва ўзгаришлар жараёнларига мослаша олмасликлари ҳамда асл тарихни борича кўрсатиб беришда йўл қўйган хатолари ёш авлодга ҳам салбий таъсир ўтказмай қолмади.
Яна бир мисол Ўзбекистон халқ ёзувчиси Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбекнинг “Навоий” романи атрофида роман ва муаллиф атрофида кечган воқеаларда намоён бўлади. Буни қарангки, ҳатто хорижлик ёзувчи ва адабиётчиларга ёққан ва юқори даражада эътироф этилган бу асар онги мустабид тузум ғоялари билан суғорилган бир гуруҳ “миллатпарвар” ва “ватанпарварлар”га ёқмай қолди. Ўзининг “Йўқотганларим ва топганларим” асарида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саъид Аҳмад ўша машъум воқеаларни эслаб баён қилар экан, бир неча мажлисларда Ойбек масаласи кўтарилгани, унинг барча унвонлари ва мукофотларини бекор қилишни талаб қилганларини бизга ёзиб берилган тарихнинг аччиқ асоратларидан биридир.
Маълумки, Ўзбекистон ҳудудида яшаган халқлар доим зулм, хўрлик, адолатсизлик, босқинчилик ва тобеликка қарши курашиб келган. Улар доим озодликни сақлаб қолишга ҳаракат қилиб, ёвга қарши кураш қилганлар. Мўғулларнинг жабр ва зулмига қарши бош кўтарган Маҳмуд Торобий ва Шамсиддин Маҳбубий бошчилигидаги халқ қўшинларининг Бухоро ва унинг атрофларида эришган ғалабаларини тасвирлаб, унга баҳо берган тарихчилардан бири ўқувчига “бошқарув ялангоёқ ва қора халқнинг қўлига ўтди” деб тушинтириб кетган ва бу мактаб дарслигида ҳам шу тарзда нашр этилган эди. Қарангки, ёзиб берилган тарихни ўрганиш натижасида халқимиз орасида озодлик учун курашиб жанг қилганларни камситиш, босқинчиларни эса оқлаш ва ҳимоя қилиш кайфияти шаклланди ва бу дарсликлар сифатига ҳам ўз вақтида панжа ортидан қаралганлигидан далолат беради.
Шу йилнинг ўзида ўтказилган қатор йиғилишларда – Хавфсизлик кенгаши, Маънавият ва маърифат кенгаши ҳамда Ислом цивилизацияси марказидаги чиқишларида миллий етакчимиз Шавкат Мирзиёев тарих фани билан боғлиқ тизимни тубдан ўзгартириш, тарихий тафаккурни шакллантириш билан боғлиқ ўта муҳим ва зарур ғоя ҳамда таклифларни илгари сурдилар. Ўзбекистонда тарих фанини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш, Тарих институтини тарих фанини ривожлантириш бўйича таянч илмий муассасаси этиб белгилаш юзасидан топшириқлар бердилар. Буларнинг бари биз тарихчи олимлар, айниқса, ёш изланувчилар учун ҳам фахр, ҳам катта масъулиятдир.
Устозларимиз, катта авлод олимларининг тан олишларига қараганда, умуман илм-фанга, хусусан, тарих соҳасига бундай ҳар томонлама эътибор ҳеч қачон бўлмаган экан. Улар бизларга қарата, сизларга – ёшларга ҳавасимиз келади, давлатимиз раҳбари яратиб берган бундай ижодий ва моддий шароит бизда бўлмаган, демоқдалар. Демак, энди биз бошқача ишлашимиз, Президентимиз ва эл-юртимиз ишончини оқлашимиз керак бўлади.