Ишончли парвоз – тараққиёт омили
Президентимиз раҳнамолигида мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан авиация соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, йўловчи ва юк ташиш тизимини такомиллаштириш, хизмат кўрсатишни замон талаблари даражасида йўлга қўйиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Президентимиз раҳнамолигида мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан авиация соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, йўловчи ва юк ташиш тизимини такомиллаштириш, хизмат кўрсатишни замон талаблари даражасида йўлга қўйиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.Замонавий ҳаво лайнерлари билан таъминланган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси тизимидаги улкан ўзгариш ва янгиликларни халқаро талаб ва андозаларга тўлиқ жавоб берадиган Нукус халқаро аэропорти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Ҳар қандай об-ҳаво шароитида самолётларнинг бемалол учиб-қўнишини таъминлаш мақсадида Нукус халқаро аэропортида 2010-2011 йилларда Финляндиянинг “Вайсала” компанияси метеоускуналари ўрнатилгач, имкониятлар янада кенгайди. Бугунги кунда аэропорт Боинг-767, Боинг-757, А-320, Ил-114 каби йирик ва замонавий ҳаво лайнерларини ҳам узлуксиз қабул қилмоқда.
– Замонавий авиалайнерлар сотиб олиш, аэропорт мажмуаларини янгилаш, самолётларнинг учиб-қўниш йўлларини қайта қуриш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар самарасида миллий авиакомпаниямиз нуфузи тобора юксалмоқда, – дейди Нукус халқаро аэропорти раҳбари Ғофуржон Ражапов. – Бундай эътибор туфайли бизнинг аэропорт ҳам жаҳон меъёрларига мос технологик ускуналар билан жиҳозланди. 2006 йилдан халқаро йўналишлар қатнови йўлга қўйилди. 2007 йили Германиянинг “Люсебит” компанияси томонидан самолётларнинг учиб-қўниш йўлига замонавий ёритиш ускуналари ўрнатилиб, халқаро андозаларга мослаштирилди. Паст ва юқори кучланишдаги ерости электр кабеллари ётқизилди, самолётларга техник хизмат кўрсатувчи махсус транспорт воситалари билан таъминланди. Айниқса, юкларни автоматик тарзда рўйхатга олиш ва электрон чипта сотишнинг йўлга қўйилгани йўловчилар учун катта қулайлик яратди.
Авиация соҳасида энг муҳим мезонлардан бири – парвозлар хавфсизлигини таъминлашдир. Шу жиҳат эътиборга олиниб, Нукус халқаро аэропортида “Учиш хавфсизлигини бошқариш” ва “Менежмент сифати” тизимлари жорий этилди. Кадрлар билими ва малакасини ошириш, йўловчилар билан ишлаш бўлими ходимларининг хорижий тилларни ўрганиши ҳам доимий эътиборда.
Бир пайтлар фақат маҳаллий йўналишда хизмат кўрсатган Нукус халқаро аэропорти тизимни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида малакали кадрлар ва мустаҳкам моддий-техник базасига эга, бир неча давлатга халқаро парвозларни амалга ошираётган замонавий аэропортга айланди.