Ишончли ҳимоя тизими ишга тушди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 5 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида мактаблардаги оғриқли масалаларга эътибор қаратилди.
Ўтган йили вояга етмаганлар 3,5 минг жиноят содир этгани, шундан 2 минг 280 тасини мактаб ўқувчилари содир этгани ҳамда 50 минг нафар бола мунтазам равишда мактабга бормаётгани қайд этилди.
Ҳақиқатан ҳам бу аянчли вазият. Шу сабабли Миллий гвардияга мактабларда интизом ва давоматни назорат қилиш топширилди. Бу қандай самара бермоқда?
Жамоат хавфсизлиги университети кафедра бошлиғи Жаҳонгир Ўрмонов билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
– Президентимиз ташаббуси билан Миллий гвардияга ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш орқали уларда “ҳуқуқбузарликка қарши иммунитет” ҳосил қилиш, мактаблардаги ахлоқий-руҳий муҳитни ўрганиш, “мактаб - оила - маҳалла” занжирини мустаҳкамлаш ва давоматни яхшилашга кўмаклашиш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Миллий гвардия ходимлари соҳа вакиллари билан бирга ҳар бир мактабда ўрганиш ишларини олиб борди. Дарсларга қатнашмаётган ўқувчилар тахмин қилинганидан ҳам кўп экани аниқланди.
Шу боис, таълим-тарбия борасидаги мажбуриятларни бажармаган 124 минг нафар ота-она расмий огоҳлантирилди, тўрт мингга яқинига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига асосан маъмурий чора кўрилди. Қисқа вақтда мактаблардаги давомат 70 фоиздан 97 фоиздан ошди.
– Ижтимоий тармоқларда бу жараёндан норози кишилар учрамоқда? Нима учун уларга бу маъқул келмаяпти?
– Ҳақиқатан ҳам ижтимоий тармоқларда Миллий гвардия ходимларининг мактабларда тартибни сақлашга қаратилган ҳаракатлари бошқача талқин қилинмоқда. Ота-оналарни чалғитиш орқали норозилик келтириб чиқаришга уриниш ҳолатлари учраб турибди.
Ажабланарли томони шундаки, Миллий гвардия ходимларининг мактаб остонасида туриши болаларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир қилиши мумкинлиги билдирилган.
Бундай фикрларга педагог сифатида ҳам, олим сифатида ҳам, ота сифатида ҳам мутлақо қўшилмайман. Боиси, Миллий гвардия ходимлари ўзларига юклатилган вазифани мактаб жамоаси, маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда олиб бормоқда.
Эътиборлиси, қисқа вақтда жуда катта натижалар қайд этилди. Минглаб болалар мактабга қайтарилди. Чунки мактабга кетдим деб кўча-кўйда санғиб, номақбул йўлга кириб кетаётган дилбандларимиз камми ёки буни одамлар билмайдими?
Шу сабабли, бу борада билиб-билмай номақбул фикрлар билдириш тўғри эмас.
– Ўқувчиларда ҳуқуқбузарликка қарши иммунитет ҳосил қилиш масаласи қандай амалга оширилади?
– Ўқувчиларнинг дарсга қатнашиши ва давоматини назорат қилиш билан бирга ходимларимиз мактаблар хавфсизлигини таъминлашга ҳам жиддий эътибор қаратмоқда. Бегоналарнинг мактабга киришининг олди олиниши билан бирга шубҳали вазиятлар рўй берганда улар зудлик билан бартараф этилмоқда.
Буларнинг ҳаммаси болалар кўз ўнгида юз бермоқда. Бу нафақат ҳуқуқбузарликларнинг олди олиш, балки ўқувчиларда ҳуқуқбузарликка қарши иммунитет ҳосил қилишда муҳим ўрин тутади.
Мактабларда хавфсизликни таъминлаш борасида янги иш тизими жорий қилингани ўз натижасини бериб, 6 ҳолатда мактабга бегоналар киришининг олди олинган. Барча ҳолат бўйича айбдор шахсларга қонунчиликда белгиланган жавобгарлик чоралари кўрилган.
Булар вақтинча эмас, балки давоматни тўлиқ таъминлаш ва ўқувчилар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш орқали таълим сифатини оширишга қаратилган узоқ муддатли амалий чора-тадбирлардир.
Айтиб ўтиш керакки, Миллий гвардия ходимлари мактаб ҳудудида турли ҳуқуқбузарликлар, ўғрилик, тан жароҳати етказиш, ўткир тиғли буюмлар ва пичоқларни мактабга олиб кириш, тамаки ва спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, ўқувчилар ўртасидаги жанжаллар бўлишининг олдини ҳам олмоқда.
Шу ўринда бир ҳолатни эслаб ўтсак: хорижий мамлакатлар мактабларида қурол билан боғлиқ турли нохуш ҳолатлар учраб туриши, мактабларга кириб қурол билан таҳдид қилиш, ўқ отиш оқибатида қурбон бўлганлар борлиги ҳеч кимга сир эмас-ку.
Шу жиҳатдан мактабларнинг ишончли ҳимоя остида экани, фарзандларимиз хавфсизлиги таъминланиши қувонарли эмасми?
Боланинг хулқидаги нохуш ўзгаришларнинг вақтида аниқланиши ва бунга педагог, ота-она, маҳалла ҳамкорлигида барҳам берилиши аслида ютуқ эмасми?
Зеро, маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний айтганидек, тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир.
Қолаверса, Янги Ўзбекистон келажаги комил ва билимли фарзандларимиз қўлида бўлиши керак.
Норгул Абдураимова, ЎзА