Муносабат
Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар географик яқинлик ҳамда замонавий сиёсий манфаатлар билан чекланиб қолмайди. Ушбу ҳамкорлик алоқалари чуқур тарихий илдизлар, муштарак маънавий қадриятлар ва умумий цивилизацион меросга таянади.
Жумладан, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида асрлар давомида шаклланган савдо йўллари, илмий-маърифий алоқалар ҳамда маданий мулоқотлар икки ҳудуд халқларини бир-бирига яқинлаштириб келган. Бу тарихий боғлиқлик, аввало, буюк давлат арбоби ва мутафаккир бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан узвий боғлиқ бўлиб, унинг маънавий мероси бугунги кунда ҳам Ўзбекистон ва Покистонни бирлаштирувчи рамз сифатида намоён бўлмоқда.

Айниқса, сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсат натижасида Ўзбекистон – Покистон муносабатлари янги мазмун касб этди. Икки давлат ўртасида стратегик шериклик мақоми жорий этилиб, сиёсий мулоқот фаоллашди, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, хавфсизлик, таълим ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик сезиларли даражада кенгайди.
Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Покистонга давлат ташрифи нафақат икки томонлама муносабатларда янги босқични бошлаб берди, балки тарихан муштарак илдизларга эга бўлган икки халқ ўртасидаги дўстлик ва шерикликни амалий натижалар билан мустаҳкамлашга қаратилган муҳим сиёсий воқеа сифатида намоён бўлди.
Айниқса, Ўзбекистон – Покистон Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилгани муносабатларни институционал асосда ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. Мазкур механизм икки давлат ўртасида эришилаётган келишувларни тизимли, узвий ва назоратли равишда амалга оширишга хизмат қилади. Бу эса ҳамкорликни декларатив эмас, балки аниқ амалий мазмун билан бойитиш имконини беради.
Шунингдек, ташриф давомида иқтисодий ҳамкорлик масалалари марказий ўринни эгаллади. Сўнгги йилларда ўзаро савдо ҳажми салкам 500 миллион долларга етди. Ваҳоланки, бир неча йил аввал бу кўрсаткич 100 миллион доллардан ҳам кам бўлган. Қолаверса, Ўзбекистонда Покистон капитали иштирокидаги 230 дан ортиқ корхона фаолият юритаётгани икки мамлакат иқтисодий алоқалари барқарор ўсиб бораётганини кўрсатади.
Шу билан бирга, келгусида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш, бу мақсадга эришиш учун Имтиёзли савдо битими доирасида товарлар рўйхатини кенгайтириш, фитосанитария рухсатномаларини соддалаштириш, Лаҳор ва Карачидаги Ўзбекистон савдо уйлари имкониятларидан фаол фойдаланиш бўйича аниқ қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон – Покистон муносабатларида транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик стратегик аҳамиятга эга. Трансафғон темир йўли лойиҳасини жадаллаштириш, “Покистон – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” халқаро транспорт йўлагини ривожлантириш Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги иқтисодий боғлиқликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Жумладан, ҳозирда Покистоннинг Карачи портидан Ўзбекистонга юк етказиш ўртача 10–12 кун вақт оласа, мазкур темир йўл лойиҳаси амалга оширилгач бу муддат 3–4 кунгача қисқаради. Бу эса лойиҳа қандай улкан салоҳиятга эга эканини яққол кўрсатади. Шу сабабли ҳам мазкур ташаббус “аср лойиҳаси” ва “келажак авлодлар учун лойиҳа” дея эътироф эътилмоқда.
Юқорида таъкидлаганимдек, Ўзбекистон – Покистон муносабатларида маданий-гуманитар ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Исломобод шаҳридаги кўчалардан бирига Тошкент номи берилиши ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан аталган боғ барпо этилиши икки халқ ўртасидаги кўп асрлик тарихий, маънавий ришталарнинг ёрқин ифодаси бўлди.
Шунингдек, ташриф доирасида Президент Шавкат Мирзиёевга Покистоннинг олий давлат мукофоти – “Нишони Покистон” орденининг топширилиши алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу мукофот давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон – Покистон стратегик шериклигини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси, шунингдек, Ўзбекистон халқига бўлган чуқур ҳурмат ва дўстона муносабатга берилган юксак эътирофдир.
Умуман олганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга давлат ташрифи Ўзбекистон – Покистон стратегик шериклигини мазмун жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди. Имзоланган Қўшма декларация, 30 га яқин икки томонлама ҳужжатлар ва йирик иқтисодий келишувлар бу ҳамкорликнинг мустаҳкам ҳуқуқий ва амалий асосини яратди.
Энг муҳими, эришилган келишувлар нафақат икки мамлакат, балки бутун Марказий ва Жанубий Осиё минтақасида барқарорлик, тараққиёт ва ўзаро боғлиқликни кучайтиришга хизмат қилади. Бу эса Ўзбекистон ташқи сиёсати узоқни кўзлаган, прагматик ва халқ манфаатларига қаратилганлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Меҳнат, соғлиқни сақлаш
ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.
ЎзА