Ишнинг кўзини билган миллионер томорқачилар
Томорқа – кони фойда, ҳар бир қарич ер – чинакам хазина. Ундан келадиган даромад рўзғор камини бутлайди, оила бюджетини тўлдиради. Қолаверса, томорқа хўжалигидан оқилона фойдаланиш, уни даромад манбаига айлантириш аҳоли бандлигини таъминлашнинг муҳим йўлларидан биридир. Буни яхши англаган Фарғона вилоятидаги томорқачиларнинг аксарияти ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, мўмай даромад топиш ҳадисини олган.
Учкўприк тумани “Ҳасанқора” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам томорқадан самарали фойдаланиш, иссиқхоналар ташкил этиш, йилнинг исталган фаслида маҳсулот етиштириб, мўмай даромад топиш борасидаги ишлар намунали йўлга қўйилган.
Қишлоқ аҳолисининг аксарияти эртанги сабзавот кўчатлари етиштириш билан шуғулланади. Ҳар йили босқичма-босқич 10 миллион донага яқин сабзавот кўчатлари етиштирилиб, нафақат атроф туманларга, балки қўшни вилоятларга ҳам етказиб берилаётгани ҳасанқораликларнинг миришкорлигидан далолат. Бугунга келиб маҳаллада 350 дан зиёд томорқа эгалари кўчатчилик билан банд.
Мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи Фазлуллоҳ Ҳайдаров ҳам томорқадан унумли фойдаланиб келаётган ҳамюртларимиздан бири. Ёшлигидан турли сабзавот кўчатлари етиштириш билан шуғулланиб келган миришкор томорқачи ўтган мавсумда янги тажрибага қўл урди. Томорқасида Корея технологиялари асосида гидропоника усулида 4 сотихли иссиқхона қуриб, бу ерга 7,5 минг туп қулупнай кўчати экди. Ўтган йилнинг сентябрь ойида экилган қулупнай кўчатлари ҳозирда мўл ҳосил туккан.
Айни кунларда қулупнайнинг килоси 150-200 минг сўмдан сотилмоқда. Фазлуллоҳ Ҳайдаров бир мавсумда ҳосилни 3 тоннага етказиб, 300 миллион сўмга яқин даромад олишни кўзлаб турибди.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда Фазлуллоҳ Ҳайдаров каби кўплаб юртдошларимиз томорқасидан мўмай даромад олиб, рўзғорини бут қиляпти, шу орқали оиласининг фаровонлигини таъминлаяпти.
М.Сулаймонов,ЎзА