Қишлоққа ҳақиқатдан ҳам эътибор зарур
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани “Қизилчоли“ маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Худоёр Матёқубов маҳалласидаги камчиликлар юзасидан ЎзАга мурожаат қилган эди.
Бир шикоят изидан...
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани “Қизилчоли“ маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Худоёр Матёқубов маҳалласидаги камчиликлар юзасидан ЎзАга мурожаат қилган эди. Аслида, бу фуқаронинг такрор-такрор мурожаатларидан туман ҳокимлигининг ҳам, қатор давлат ташкилотларининг ҳам энсаси қотган. Фуқаро эса “ғирт аризачи“га чиқарилган.
Мурожаатни ўрганиш давомида фуқаронинг ўзи билан учрашиб, суҳбатлашиш имкони бўлмади, чунки у пойтахтга, турли вазирлик ва идораларга ўзи таъкидлаб келаётган муаммоларни ҳал қилишда ёрдам сўраб кетган экан. Июнь ойидан буён уйига келмаган.
Фуқаро томонидан таъкидланган муаммоларни ўрганиш жараёнида шунга амин бўлдикки, у қисман ҳақ. Масалан, ҳудуддаги қишлоқ врачлик пункти фаолият юритмаётгани ҳақида ёзган. Тўғри, мурожаат анча олдин ёзилган. Ўрганиш даврида ҚВП фаолияти қайта йўлга қўйилган, лекин ҳеч қандай ускуна-жиҳоз йўқ. Ахир шароит бўлмаса, унинг ишлаб турганидан не наф?
“Ичимлик сувимиз шўрсимон. Қишлоғимиздаги водопровод ускунаси ишламайди“, дейилган мурожаат ҳам қисман тўғри. Қишлоқдагилар босма кран орқали сув истеъмол қилар экан. Сувни ичиб кўрдик, шўрсимон таъм сезилмади. Айтишларича, қишлоқнинг барча жойларида сув бир хил эмас, баъзи кранлардан, дарҳақиқат, шўр сув чиқади. Қишлоқдаги ЭКОС эса кўпдан буён фаолиятсиз қолиб кетган.
Мурожаат муаллифи қишлоқдаги мактабгача таълим муассасаси биноси 1992 йилдан буён қаровсиз қолганини таъкидлаган. Маълум бўлишича, бу бино ҳозирда туман ҳокимлиги балансида. 3 та бинонинг биттасида маҳалла фуқаролар йиғини идораси ва кутубхона жойлашган. Яна бирида қишлоқдаги ягона МТМнинг катта ёшдаги гуруҳ болалари тарбияланмоқда. Лекин мактабгача таълим муассасасининг аҳволи ғоят ачинарли. Келажак авлод ворисларини бундай жойда тарбиялаб бўлмайди. Бинолар таъмирталаб аҳволга келиб қолган. 9-умумтаълим мактаби ҳақида ҳам худди шундай фикр айтиш мумкин. Мурожаатчи ушбу мактабдаги спорт залини ишга туширишни сўраган. Айни пайтда спорт зали ишлаб турибди. Аммо мактаб биноси буткул таъмирталаб аҳволга келиб қолган.
Ҳаммом, автомобиллар ювиш шохобчаси ва новвойхона қуриш каби мурожаатларга маҳалла фуқаролар йиғини котиби Ғайрат Қудабергенов тайинли жавоб бера олмади. Чунки 4215 аҳоли яшайдиган маҳаллада бирорта ҳаммомнинг ўзи йўқ.
– Бундай лойиҳаларни амалга ошириш учун тадбиркор топишимиз, қидиришимиз керак, – деди холос Ғ.Қудабергенов.
Мурожаат муаллифи қишлоқда ветеринария бўлими, ёнғин хавфсизлиги идораси, бозорчалар қуришни сўраган. Мутахассислар фикрича, булар учун қишлоқда зарурат йўқ. Ветеринар вақти-вақти билан туман марказидан келиб, молларни тиббий кўрикдан ўтказиб кетади. Бунга қўшилиш мумкин. Лекин ёнғин содир бўлса, ўт ўчирувчилар туман марказидан келади, қишлоқ аҳли бирор нарса харид қилиш учун ҳам туман марказига боради. Бу эса 25 километр масофа дегани. Бу ўринда мурожаатчи ҳақми ёки мутахассислар, хулоса ўзингиздан.
“Қишлоғимизда ишсизлар сони кўпаймоқда” дейилган мурожаатда. Сўнгги маълумотга кўра, маҳалланинг 4215 нафар аҳолисидан 2110 нафари меҳнатга лаёқатли, ишсизлар сони 141 нафар. Тўрт мингдан зиёдроқ аҳолининг 141 нафари ишсиз бўлиши кўпми-озми? Бунда ҳам хулоса ўзингиздан.
“Ҳозирги кунда ёш оилалар кўпайгани сабабли электр энергиясига талаб ошган. Янги трансформаторлар қуриш зарур“ деган талаб ҳам ўринли.
– Қишлоғимизда трансформаторлар эскирган, қуввати етмай қоляпти. Автобус қатновлари қўйилса ҳам аҳолининг мушкули осонлашар эди. Келгуси йилларда маҳалламиз “Обод қишлоқ“ дастурига киритилиши режалаштирилган. Ўшанда мазкур муаммоларнинг барчасига барҳам берилади, – дейди котиб. Қачон, деган катта савол ҳам очиқ қолмоқда.
Умуман, бу ернинг ҳам аксарият бошқа қишлоқлардан деярли фарқи йўқ. Масалан, мактабгача таълим муассасаси қошидаги футбол стадионида ўт “гуриллаб“ ўсиб ётибди. Мамлакатимизда спортга алоҳида эътибор берилаётган бир пайтда ушбу стадионнинг бундай кўриниши кўнгилни хира қилиши рост.
Хулоса қилиб айтганда, мурожаат муаллифи билдирган эътирозларнинг аксарияти ўринли.
Туман ҳокимлиги мазкур мурожаат юзасидан маълумот берди. Унда фуқаро Матёқубов Худоёр Жумамуродович томонидан аризада кўрсатилган муаммо ва камчиликлар атрофлича ўрганилгани, уларни бартараф қилиш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилгани таъкидланган. Жумладан, қишлоқ врачлик пункти фаолиятини қайта тиклаш, керакли асбоб-ускуналар билан таъминлаш бўйича тегишли вазирликларга ёзма мурожаат қилингани, сувнинг таркиби шўрсимон эмаслиги, ҳаммом, автомобиллар ювиш шохобчаси, новвойхона қуриш, янги трансформаторлар ўрнатиш бўйича ҳам амалий ишлар олиб борилаётгани қайд этилган. Шунингдек, мурожаат эгасининг ветеринария, ёнғин хавфсизлиги идораси, бозорчалар қурилишини сўраб ёзган илтимосига “Ҳозирги вақтда маҳалла аҳлига шу соҳаларда муаммо пайдо бўлса, тегишли масъул ходимлар томонидан, жумладан, ветеринар белгиланган вақтда туман марказидан келиб, молларни ветеринар кўригидан ўтказиб кетади, ёнғин содир бўладиган бўлса, чақирув бўлса туман марказидан келишади, ушбу “Қизилчоли” МФЙга Куюк-кўпир ҳамда Хитой деҳқон бозорлари 5-10 км масофада жойлашган” деб жавоб берган.
Биз бу ерда қайси томон ҳақ, қайси бири ноҳақ эканини тарозига солиб ўтирмадик, шунчаки, мавжуд вазиятни қоғозга туширдик, холос.






