МУНОСАБАТ
Ижтимоий тармоқларда сут нархининг ошгани тўғрисида маълумотлар тарқалди. Албатта, бу ҳолат кўпчиликда эътироз ва хавотир уйғотди.
ЎзА мухбирлари республикамизнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган чорвачилик хўжаликлари ва сут ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар билан суҳбатда бўлди ва жойлардаги сут нархларини таҳлил қилди.
Эътиборлиси, чорвачилик хўжаликлари мутасаддилари билан ўтказилган суҳбатларда улар томонидан етиштирилган сут қайта ишловчилар ва сутни қабул қилувчиларга сотиш нархида ўсиш кузатилмаганлигини маълум қилишди.
Мисол учун, Андижон вилояти Андижон туманидаги “Муқумий” наслчилик фермер хўжалиги томонидан Наманган вилоятида фаолият юритувчи “LACTEL” бренди остидаги қайта ишлаш корхонасига июнь-июль ойларида 7250 сўмдан сотиб келинган.
Тошкент туманидаги “Меҳнат бахтли сут” ва “Қоплонбек ота”, Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги "Қўшбоқ" фермер хўжаликлари 6,5-7 минг сўмдан сотиб келаётганлигини маълум қилди.
Боёвут туманидаги “Аҳмадий” фермер хўжалиги Тошкент шаҳридаги "Махаршивер" МЧЖ га йил бошидаги тузилган шартномага асосан 7,5 минг сўмдан, шу тумандаги "Жўрабек Жуманазар ўғли" фермер хўжалиги эса июнь ва июль ойларида 6 минг сўмдан болалар боғчасига, Гулистон туманидаги "Ахмадқул Таниқулов" фермер хўжалиги 6,2 минг сўмдан тадбиркорларга етказиб берган.
Кузатувларимиз давомида Бўка туманидаги аҳоли томонидан бугунги кунда сут қабул қилувчиларга 5 минг сўмдан улгуржи нархда сотиб келаётгани аниқланди.
Тошкент шаҳридаги “Қўйлиқ деҳқон бозори” да бугунги кунда 1 литр сут нархи улгуржи савдода 6-6,5 минг сўм, чакана савдода 8 минг сўмгача сотилмоқда.
Таъкидлаш керак, сут ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларида нархлар ўзгармаган. Балки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан баъзи ҳудудларда сут нархининг тушганини кўриш мумкин. Масалан, Бўка туманидаги сут ишлаб чиқарувчилар ўтган йилнинг июнь-июль ойларида 1 литр сут 5,5-6 минг сўм бўлганини бу йил эса сут нархи тушиб кетганини қайд этишди.
Ҳамроз Баянов, ЎзА