Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришда ҳамкорлик
«Ўзавтосаноат» АЖ қошидаги «Cooperation lab» тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш маркази ҳамда «UzAuto Motors» АЖ ўқув-ишлаб чиқариш инжиниринг маркази томонидан «Инвесторлар ва тадбиркорлар учун автомобиль импорт қисмларини маҳаллийлаштириш» мавзусида семинар бўлиб ўтди.
«Ўзавтосаноат» АЖ ишлаб чиқариш масалалари бўйича бошқарув раисининг ўринбосари Фарҳод Тўраевнинг қайд этишича, марказ ишлаб чиқарувчи ва тадбиркорлар ўртасида алоқаларни яратиш билан чекланиб қолмай, инновацион лойиҳаларни «ғоядан то растагача» қўллаб-қувватлайди.
Ўзбекистонда импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш, маҳаллийлаштиришни кенгайтириш ҳамда ишлаб турган корхоналарни чуқур таҳлил қилиб, салоҳиятини янада оширишга кўмаклашиш юзасидан тизимли ишлар қилинмоқда.
Мазкур тадбирни ўтказишдан мақсад ҳам ҳозирги кунда импорт бўлиб келаётган бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш ва уни соҳалараро ҳамкорлик даражасига олиб чиқишдан иборат. Хусусан, соҳага қизиқиши бор инвестор ва тадбиркорлар қандай қилиб «UzAuto Motors» таъминотчиси бўла олиши ҳамда истиқболдаги режаларни келишиб олиш учун майдон яратиш мақсадида ташкил этилди.

Тадбир доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар, жумладан, алюмин дисклар, руль чамбараклари, олд ойна тозалагичлар ва ойна кўтаргичлар, резина қистиргичлар ишлаб чиқариш кабилар ҳақида маълумот берилди.
Анжуманда иштирокчилар бу борада ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
ЎзА