Ишлаб чиқаришда хавфсизлик муҳим омил
“Nurlikum Mining” Франция – Ўзбекистон қўшма корхонасининг техник оромгоҳида “Навоийуран” давлат корхонаси ҳамкорлигида “Хавфсизлик куни” доирасида “Хавфсизлик бу тасодиф эмас, балки танловдир” мавзусида тадбир ўтказилди.
Ҳар йили “Nurlikum Mining” қўшма корхонасида хавфсизлик маданиятини ошириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, ўзаро тажриба алмашиш мақсадида “Хавфсизлик куни” анъанавий тарзда ўтказиб келинади. Бу каби тадбирлар компания ва унинг ходимлари ҳамда ҳамкорлари учун ишлаб чиқаришда меҳнат ҳамда техника хавфсизлигининг муҳимлигини яна бир бор эслатади. Шунингдек, мазкур йўналишда компаниянинг эришган ютуқлари, мавжуд камчиликлари ва орттирган тажрибаларини таҳлил қилиш ҳамда янада такомиллаштириш имконини беради.

– Корхонамиз икки йўналишда иш олиб боради, – дейди “Nurlikum Mining” қўшма корхонаси бош директори Бенуа Лемонн. – Биринчи навбатда геология-қидирув ишлари олиб борилса, иккинчи навбатда тажриба-синов участкамизда табиий уран қазиб олиш ишларини бошлаймиз. Бу келажакда бизнинг кейинги фаолиятимиз учун муҳим. Аниқроқ айтадиган бўлсам, кейинчалик ишимизнинг натижасига қараб ишлаб чиқариш заводи ташкил этишни режалаштирганмиз. Албатта, бу жараёнларда ходимларнинг хавфсизлиги муҳим масала ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ҳар йили “Хавфсизлик куни” ни ўтказамиз.
Тадбирда ўтган йилнинг асосий масалалари ва жорий йилдаги вазифалар, геология-қидирув ишларида ишлаш ва меҳнат хавфсизлиги талаблари бўйича тақдимотлар, ходимнинг иш жараёнидаги хавфсизлик ва ёнғинга қарши воситалардан тўғри фойдаланиш, саноатда юзага келадиган ходимнинг ҳаёти ва соғлиғига таъсир этадиган ҳолатларнинг олдини олиш масалалари муҳокама этилди.

“Orano Mining” компаниясининг меҳнат муҳофазаси бўйича мутахассислари Анри Лекоур ва Мари Лауре Фитамантлар компанияда жорий қилинган техника ҳамда меҳнат хавфсизлиги бўйича сиёсат ва тажрибалари билан ўртоқлашди.
– Биз бу кунни байрам сифатида ўтказамиз, – дейди “Orano Mining” компаниясининг меҳнат муҳофазаси бўйича мутахассиси Мари Лауре Фитамант. – Ушбу санада корхонамизнинг ҳамкорлари, барча ишчи-ходимларнинг фаол иштирок этишига эътибор қаратамиз. Тадбирлар давомида хавфсизликка доир масалаларни муҳокама этамиз, ечимини кутаётган саволларга жавоб излаймиз. Боиси, хавфсизлик корхонамиз учун биринчи ўриндаги масаладир. Бугунги тадбиримизда ҳам мазкур йўналишдаги бир қатор муҳим масалалар муҳокама этилди, турли викториналар ўтказилди. Бу омил бизнинг кейинги фаолиятимизда камчиликларни бартараф этишда жуда муҳим рол ўйнайди.

Тадбир давомида иштирокчилар “Nurlikum Mining” қўшма корхонаси тажриба-синов участкасининг ишлаб чиқариш майдони фаолияти ва меҳнат муҳофазаси бўйича яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Абдували Бўриев,
ЎзА