Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги “Al Exis” корхонасида газобетон маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
Фаолиятини жорий йил бошида бошлаган корхонада ҳозир 10 та иш ўрни яратилган. Катта цех ишга тушиши билан қўшимча 24 киши ишга олинади. Ишлаб чиқарилаётган газобетон пишиқ ғиштни ўрнини босувчи иссиқлик ва совуқликка чидамли замонавий маҳсулот ҳисобланади.
Эътиборли томони газобетон маҳаллий ҳомашёлардан ишлаб чиқарилмоқда. Бугунги кунда маҳсулот Тошкент ва Нурафшон шаҳарларидаги қурилиш объектлари ва корхоналарга етказиб берилмоқда.
Корхонанинг иккинчи цехи ишга тушиши билан 150 куб метр газобетон маҳсулоти ишлаб чиқарилади. Келгусида хориж давлатларига экспорт қилиш ҳам режалаштирилган.
– Лойиҳага 2 миллиард 500 миллион сўм инвестиция киритилган, – дейди корхона раҳбари Татьяна Волькова. — Газобетон ишлаб чиқарувчи махсус техникалар Россия Федерациясидан олиб келинган. Режаларимиз катта, келгусида қўшимча равишда турли қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни кенгайтирмоқчимиз. Шу орқали ҳудудда яшовчи аҳолини ҳам иш билан таъминлаймиз.
Мазкур туманда 2021-2023 йилларда 2 триллион сўмдан ортиқ қийматидаги 39 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг натижасида 2 минг 767 та иш ўрни яратилади. Бунинг учун тадбиркорлик субъектларига ўз лойиҳаларини амалга ошириш учун тегишли тартибда ёрдам берилмоқда.
А. Мусаев, ЎзА